Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари Фарғона тумани «Саноат» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.А.нинг харид қилинган музлатгич бир неча маротаба бузилиб, носоз ҳолга келиб қолаётганлиги борасидаги ёзма мурожаатини ўргандилар.
Мурожаатда баён қилинишича, истеъмолчи «Elite 308» русумли музлатгични 5 800 000 сўмга харид қилган. Лекин ундан хонадонда фойдаланиши жараёнида бир неча маротаба ишламай қолади. Ушбу ҳолатда муаммони ўз кучи билан қандай ҳал қилишга боши қотган истеъмолчи қонуний ҳуқуқларини амалга оширишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб шаҳар жамиятига ёзма мурожаат билан келади.
Шаҳар жамияти томонидан мурожаат ўрганилиши жараёнида харид қилинган товарнинг нуқсонлари юзасидан мазкур русумдаги музлатгичларга сервис хизматларини кўрсатувчи сервис компанияси — «Company Avangard» МЧЖдан усталар хулосаси асосида тайёрланган далолатнома олинди. Истеъмолчи иштирокида тузилган мазкур далолатномада музлатгичда ҳақиқатда ҳам нуқсон мавжудлиги, яъни нуқсон ички фреон сизиб чиқиши билан боғлиқлиги қайд қилиниб, уни ишлаб чиқарувчи корхонага қайтариш бўйича қарор қилинганлиги баён қилинади.
«Elite-Elektro-Group» МЧЖ томонидан ўрганишга тақдим қилинган маълумотнома хатда эса, истеъмолчи А.А. томонидан харид қилинган нуқсонли музлатгич МЧЖнинг Фарғона шаҳар филиали томонидан, истеъмолчининг ҳоҳиши билан, «Elite 211» русумдагисига алмаштириб берилганлиги маълум қилинди.