Мамлакат тараққиётининг янги босқичида ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги катта ўзгаришлар билан бирга, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам ҳаётбахш ислоҳотлар бўй кўрсатаётгани сир эмас. Соҳадаги ўзгаришларнинг ижобий натижаларини у ёки бу масалада судга мурожаат этган юртдошларимиз ҳам ҳис этмоқда, десак муболаға эмас.
Кейинги йилларда инсон омилисиз одил судловни амалга ошириш, судлар фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш мақсадида тизимга ахборот коммуникация технологиялари жорий қилинди.
Жумладан, ишларни автоматик тақсимланиши, судларга даъво ариза, ариза ва шикоятларни электрон тартибда мурожаат қилиш тартиби белгиланди. Шунингдек, суд мажлисларига тарафлар масофадан туриб иштирок этиш имконини берувчи видеоконференцалоқа режими татбиқ этилди.
Бу жиҳатлар тизимдаги ўзгаришларнинг бир қирраси, холос. Президентимизнинг 2022 йил декабрь ойида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Бу билан суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланиб, тизимни жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури ҳам тасдиқланди.
Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш зарурлиги қайд этилди.
Фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш назарда тутилди. Суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали аҳолида суддан ва давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш белгиланди.
Фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлишига барҳам берилиши, вилоят судларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги ваколатларини янада кенгайтириш, суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида мазкур фармонда туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.
Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳоли оворагарчилигининг олди олиниши, биринчи инстанция судининг қарор ёки ҳукмидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, натижасидан ҳам қониқмаса, иш мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилиши, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланмоқда.
Бундан ташқари, фармонда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.
Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу фармонлари “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини беради.
Бурхонжон Мамажонов,
Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.