Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят ҳокимлиги, Адлия бошқармаси, “Юксалиш” Ҳаракати вилоят бўлими, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси вилоят бўлинмаси билан ҳамкорликда “2026-2030 йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси: ташаббуслар, таклифлар, муҳокамалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Янги Ўзбекистон шароитида фуқаролик жамияти институтларининг (ФЖИ) жамият ҳаётидаги ролини янада кучайтириш, уларнинг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни ва иштирокини ошириш, шунингдек, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишонч, очиқлик ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Тадбирда «2026–2030 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича кенг жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилаётганлигига эътибор қаратилиб, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат идоралари ўртасида очиқ мулоқот шаклида ўтказилди.
Концепция лойиҳасини “юқоридан пастга” эмас, балки “пастдан юқорига” тамойили асосида, бевосита жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), жамоат фаоллари, экспертлар ва фуқароларнинг таклифларини умумлаштирган ҳолда шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур муҳокамалар орқали концепциянинг асосий йўналишларини аниқлаш, амалдаги ҳуқуқий ва институционал асосларни таҳлил қилиш, шунингдек, жамиятнинг турли қатламлари фикрини инобатга олган ҳолда,
Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг самарали ва инклюзив стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар, ташаббуслар эшитилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ривожланиши, ҳудудларда ижтимоий — иқтисодий ўсишини таъминлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишга қаратилган ҳудудий дастурларни амалга оширилиши ва бу йўналишда жамоатчилик назоратини олиб боришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.
Давра суҳбатида вилоятда нодавлат нотижорат ташкилотларининг сўнги йилларда фаолиятининг ривожланиши, ижтимоий шериклик ва грант лойиҳалари йўналишларининг қамрови кенгаяётгани, янги ташкил этилаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти, жамоатчилик кенгашлари, очиқликни таъминлаш, қарорлар қабул қилишда иштирок ва жамоатчилик назорати, ФЖИларнинг салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Фуқаролик жамиятини 2026—2030 йилларда ривожлантириш концепцияси лойиҳасига таклифлар юзасидан иштирокчилар томонидан кенг кўламли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Муҳокамалар жараёнида концепциянинг долзарблиги ва амалий аҳамияти, унинг мамлакатда демократик ислоҳотларни давом эттириш, жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлашдаги роли алоҳида таъкидланди.
Тадбир қатнашчилари концепция фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ижтимоий фаолликни рағбатлантириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолияти учун қулай муҳит яратишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Шунингдек, муҳокама давомида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш, ижроия органлари қарорлари лойиҳаларини фуқаролар иштирокида муҳокама қилиш, электрон платформаларини кенг жорий этиш ҳамда аҳолининг фуқаролик фаоллигини ошириш бўйича ташаббуслар қизғин муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари бу йўналишда амалий чора-тадбирларни белгилаш ва уларни тизимли равишда амалга ошириш зарурлигини қайд этдилар.