Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шу шаҳарда яшовчи фуқаро А.Ҳ. нинг «Uzbektelekom» миллий алоқа операторининг «Uzmobile» филиали хизматларидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.
Фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаатида унинг абонент ҳисоб рақамидан ҳар куни 900 сўмдан маблағ ечиб олинаётганлигини маълум қилиб, ушбу ҳолатга ойдинлик киритиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаатни тегишлилиги бўйича Марғилон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида алоқа оператори масъуллари билан боғланилиб, ҳолат бўйича изох берилиши сўралганда, мазкур рақам абонентга 2017 йилда расмийлаштирилганлиги, у ҳозирги кунда ўзига қулай бўлган тариф режасидан фойдаланиб келаётганлиги маълум қилинди. Шунинг билан биргаликда, компания мутахассислари, абонент рақамига фаоллаштирилган, компанияга тегишли барча қўшимча хизматларни ўчириб, абонент билан боғланганликларини ва унга ўз ташаббуси билан бошқа компанияларга тегишли бўлган хизматларни билиб ё билмасдан фаоллаштириб қўйган бўлса, уларни ҳам ўчириш йўл-йўриқлари бўйича кўрсатма ва тушунтиришлар берилганлигини маълум қилдилар.
Ўрганиш натижаларига кўра, пуллик хизмат «Uzmobile» компанияси томонидан таклиф қилинмаганлиги, абонент бу пуллик кўнгилочар портални ўз ташаббуси билан, билиб ё билмасдан, фаоллаштириб қўйганлиги маълум бўлиб, унга мутахассислар томонидан бу борадаги тушунтиришлар бериб ўтилди.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, мобил алоқа фойдаланувчиларига мобил қурилмаларига СМС, электрон хат тарзида келиб тушаётган ҳар қандай хабарларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, булар спам ёки фишинг хабарлар бўлиши ҳам мумкинлигини, бундай хабарлардаги ҳаволаларга босиш, тасдиқлаш, шахсий маълумотларингизни бериш, ушбу шахсий маълумотларингизни, мобил қурилмага бириктирилган пластик картадан пулларни ўғирланиши, Сизга моддий ва маънавий зиён етказилишини, энг камида телефонингизни дастурлари вируслар билан зарарланиши каби салбий оқибатларга сабаб бўлишини унутмасликларини сўраб қоламиз.