Рақамлаштиришнинг почта тизимига таъсири мавзуси муҳокама қилинди

«Ўзкомназорат” инспекциясининг Фарғона вилоят ҳудудий шўъбаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг жорий йил иккинчи ярим йиллигида ўтказилиши белгиланган техник ўқув семинарлар режасига асосан “Рақамлаштиришнинг почта тизимига таъсири” мавзусида техник ўқув семинар ўтказилди.

Семинар давомида рақамлаштириш жараёнларининг почта соҳасига таъсири, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг афзалликлари, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фуқароларга қулай шароит яратиш масалалари атрофлича ёритиб берилди.

Почта алоқаси соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали почта ва курьерлик жўнатмаларини саралаш, манзиллаштириш ҳамда мижоз эҳтиёжларини таҳлил қилиш жараёнларини автоматлаштириш имкониятлари таҳлил этилиб. AI (Сунъий интеллект) ёрдамида хизмат сифатини яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда почта орқали амалга ошириладиган молиявий операцияларнинг шаффофлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, почта ва курьерлик жўнатмалари ҳаракатидаги маълумотларни ишончли назорат қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

IoT (Нарсалар интернети) ечимлари асосида почта алоқаси инфратузилмасини рақамлаштириш, транспорт ва логистика тизимларида смарт-кузатув (ақлли сенсорлар) орқали реал вақт режимида назорат қилиш имкониятлари юзасидан амалий маълумотлар берилди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, рақамлаштириш — почта алоқаси тизими самарадорлигини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва ички назоратни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Сунъий интеллект, блокчейн ва IoT технологияларини почта алоқаси тизимига босқичма-босқич жорий этиш орқали соҳада рақобатбардошлик ва самарадорликни ошириш билан бир қаторда шаффофлик ва хавфсизликни таъминлашга эришилади.

И.М.Холматов, «Ўзкомназорат” инспекцияси Фарғона вилояти ҳудудий шўъбаси бош мутахассиси.