Сифати кафолатланмаган ва инсон саломатлигига хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларининг мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан олиб кирилишига божхона органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тизимли равишда қарши кураш йўлга қўйилган.
Жумладан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят ДХХ, ИИБ ва Миллий Гвардия ходимлари билан ҳамкорликда дори воситаларининг ноқонуний сақланиши ва лйланишига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбири ўтказилди. Тадбир давомида, фуқаро Ф.Ж.нинг Қўқон шаҳри ҳудудидаги яшаш хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати455 миллион сўмлик 13 турдаги жами 41 762 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур сифати кафолатланмаган дори воситалари инсон саломатлигига жиддий таҳдид солиши мумкин. Шунингдек, айрим фуқаролар томонидан ноқонуний олиб кирилаётган сифатсиз дори воситалари беморларнинг соғайишига акс таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ четдан ноқонуний олиб кирилаётган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар мажбурий тартибда йўқ қилиниши белгиланган. Мазкур ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган дори воситалари ҳам суд қарорига асосан йўқ қилинади.