“Медиа-патрул” март ойида вилоят маркази ҳамда Фарғона туманида тадбирлар ўтказди

Хабар бериб бораётганимиздек, “Нуқтаи назар” газетаси таҳририятининг “Медиа-патрул” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар март ойида ҳам давом эттирилди. Март ойидаги медиасаводхонликни тарғиб қилувчи тадбирлар билан Фарғона шаҳри ва Фарғона туманидаги айрим маҳалла, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотлар қамраб олинди.

“Медиа-патрул” қаерга ташриф буюрмасин, унинг тадбирлари аҳоли вакиллари томонидан илиқ кутиб олинмоқда. Ёшу қари томонидан тадбир мавзуси доирасидаги маъруза ҳамда тарқатма материаллар ижобий баҳоланмоқда.

 “Медиа-патрул” китобсеварлар ҳузурида бўлди

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят Ахборот-кутубхона маркази 120 йилдан ортиқроқ тарихга эга бўлган илм ва зиё масканларидан бири ҳисобланади. Маскан ўзининг минглаб доимий ўқувчиларига эга. “Медиа-патрул” ушбу масканга ташриф буюриб, бу ерда китобсеварлар иштирокида тадбир ташкиллади.

Тадбир таҳририят томонидан аввалдан тайёрланган, медиасаводхонликни тарғиб қилувчи видеороликлардан айримларини намойиш қилиш билан бошланди.  Иштирокчиларга 20 дан ортиқ мазкур видеороликларни таҳририятнинг Youtube ижтимоий тармоғидаги расмий каналида кўриш, дўстларга ва яқинларга кўришни тавсия қилиш, улардан медиасаводхонлик билимларини олишда ва тарғиб қилишда фойдаланиш бўйича тавсиялар бериб ўтилди.

Тадбирнинг асосий иккинчи ярмида кун тартибидаги масалаларга ўтилиб, лойиҳа доирасидаги мавзулар: медиасаводхонлик ва унинг аҳамияти, мобил алоқа ва интернет воситасида амалга ошириладиган фирибгарликлар, спам, фишинг, СМС ва банк пластик карточкалари воситасидаги қаллобликлар, кибер товламачилик, кибербуллинг, улардан ҳимояланиш ва бошқа бир қатор долзарб масалалар юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди ҳамда иштирокчиларга тарқатма материаллар берилди.

Медиасаводхонлик бўйича тадбир ниҳоятда керакли тадбир. Аҳоли ўртасида иложи борича кенг миқёсда бундай тадбирлар ўтказиб борилиши керак. Чунки бугунги тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, интернет тармоғида фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб кетган. Интернет фирибгарлар маънавий илми саёз бўлган одамларни осонгина қармоққа илинтирадилар. Агар одамда медиасаводхонлик бўйича тушунчалар, билимлар бўлса, у интернет фирибгарлардан ҳеч қандай зиён кўрмайди, чунки унда бунга қарши иммунитет ҳосил бўлган бўлади. Бундай билимни эса биз, мажозий айтганда, фирибгарларга қарши мустаҳкам қалқон дея оламиз, — дейди кутубхонанинг доимий ўқувчиларидан, Марғилон шаҳрида яшовчи ижодкор ёзувчи ҳамда ўқитувчи Оқилжон Ғофуров.

“Медиа-патрул” Фарғона туманига йўл олди

Фарғона туманининг “Чимён” ҳудуди қадимий масканлардан бўлиб, бу ерда санаторий-курорт тизими кенг ривожлангани боис, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан, шунингдек қўшни давлатлардан ҳам одамлар бу ерга соғикларини тиклаш, дам олиб, ҳордиқ чиқариш мақсадида ташриф буюрадилар. Шу сабабдан ҳам ушбу ҳудуд аҳолисини медиасаводхонлик билимлари билан қуроллантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

“Медиа-патрул” мазкур ҳудуддаги 15-умумтаълим мактабига ташриф буюриб, мактабнинг ўқитувчилари ҳамда ота-оналар иштирокида тадбир ўтказди

Тадбир аввалида таҳририят томонидан медиасаводхонлик йўналишида тайёрланган видеороликлардан айримлари намойиши ўтказилиб, иштирокчилар билан видеороликларда кўтарилган мавзулар юзасидан ҳамда улар томонидан мазкур масалаларда кундалик турмуш фаолияти давомида гувоҳ бўлинган ҳолатлар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Шундан сўнг “Медиа-патрул” лойиҳасидан кўзланган мақсад ва унинг вазифалари, медиасаводхонлик, фейк хабарлар, шахсий маълумотлар, интернетдан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари, спам, фишинг, кибербуллинг, интернетда банк пластик карталаридан фойдаланишдаги эҳтиёткорлик чоралари, болалаларни интернетдаги зарарли таъсирлардан асраш каби мавзуларда тушунтиришлар бериб ўтилди.

Мени бугунги тадбир ҳақидаги фикрларим ижобий. Бугунги тадбирдан олиб бораётган ишларингиз халқимизга жудаям керак деган хулосага келдим,дейди 15-умумий ўрта таълим мактаби директори Расулжон Асроров, — чунки халқимизнинг медиасаводхонлиги ҳали у даражада яхши эмас. Албатта, бундай тадбирларни янада кўпроқ, янада кенгайтириб олиб боришимиз керак бўлади. Медиасаводхонликни ёшликдан, таълим масканларидан бошлаш керак, деган фикрларга қўшиламан.

Тиббиёт ходимлари иштирокида самарали тадбир бўлиб ўтди

“Чимён” поликлиникасида аҳолига тиббий хизматларни кўрсатиб келаётган ҳамшира ва шифокорлар иштирокида ташкилланган тадбир ҳам таҳририятнинг Youtube ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасига жойланган роликлардан намойиш қилиш билан бошланди.

Роликлар намойиш қилингач, улардан олинган таассуротлар тўғрисида тиббиёт ходимларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди. Билдирилган фикр ва мулоҳазалар мазкур муассаса ходимларида медиасаводхонлик юзасидан дастлабки билимларнинг мавжудлигини кўрсатди.

Тадбирнинг иккинчи ярмида тадбирда иштирок этаётган ва эта олмаётган барча ҳамшира ва шифкорларга тарқатма материаллардан берилиб, қисқа семинар тарзида интернет, СМСлар, банк карталари воситасидаги фирибгарликлар, интернетдан фойдаланиш хавфсизлиги, болаларни интернетдаги зарарли маълумотлардан ҳимоя қилиш масалаларида тушунтиришлар бериб ўтилди ҳамда уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Ҳозирги кунда бизнинг ойликларимиз банк пластик карталаримизга тушади. Ўзимизда кузатилмаган бўлсада, лекин банк пластик картларидан пулларни ўғирланиши ҳолатлари ҳақида эшитиб қоляпмиз. Бу эса бугунги каби медиасаводхонлик тадбирларини жудаям кераклигини кўрсатади,дейди “Чимён” поликлиникаси ҳамшираси Мирзаолимова Гулмира.

 Ҳозирда кибержиноятчилик кенг тарқалганлиги, пластик карталардан пул ечиб олиниши ҳолатлари мавжудлиги сир эмас. Бу ҳақда кўп эшитяпмиз. Мени ўзим ҳам бундай ҳолатлардан бирига, яъни дугоналаримнинг пластик карталаридан 2 млн сўм пулларини алдов йўли билан ечиб олишганига гувоҳ бўлганман. Бугунги тадбир ходимларимизда жуда яхши таассурот қолдирди. Биз олинган билимларни оила аъзоларимизга, бошқа ҳамкасбларимизга ҳам етказамиз. Ўтказилган тадбир учун сизларга миннатдорчилик билдирамиз, —  дейди “Чимён” поликлиникаси катта ҳамшираси Ҳамролиева Гулруҳ.

Маҳалла фаолларини медиасаводхонликни кенг тарғиб қилиш ва кибержиноятларга қарши курашиш ишларида фаол бўлишга чақирилди

“Чимён” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида ташкилланган тадбир очиқ осмон остида ўтказилди.

Тадбир аввалида медиасаводхонликни тарғиб қилувчи роликлар намойиши ўтказилиши билан биргаликда, шу ерга тўпланган аҳоли вакилларига тарқатма материаллар берилди. Шунингдек тарқатма материаллар маҳалла гузарида жойлашган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ходимларига ҳам тарқатилиб, мазкур материаллар мазмунини оила ва яқинлар билан ҳам баҳам кўрилиши сўралди.

Тадбирга тўпланган аҳоли вакилларига интернетдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилишнинг аҳамияти, интернет тармоғида содир бўлган фирибгарлик ҳолатлари мисоллар тарзида тушунтириб ўтилди. Улардан кундалик ҳаётда ўзлари ёки танишларини бундай ҳолатларга дуч келган ёки келмаганликлари бўйича савол-жавоблар ўтказилди. Тадбир давомида мавзунинг долзарблиги, кибержиноятларнинг ҳар бир инсонга, оилага, бутун жамиятга кўрсатадиган салбий таъсири, етказадиган моддий ва маънавий зарарларидан келиб чиққан ҳолда, бу каби иллатларга қарши курашишда маҳалла фаолларининг ўрни борасида ҳам фикрлар билдириб ўтилди.

Мен бугунги тадбирдан келгуси фаолиятимда аёллар ўртасида медиасаводхонликни тарғиб қилиш учун керакли маълумотларни олдим. Бугунги олинган билимдан маҳалламиздаги 1350 та аёллар ўртасида тарғибот ишларини олиб боришда фойдаланаман,дейди “Чимён” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Қодирова Дилоромхон.

Бугунги тадбирда маҳалламизда яшайдиган фуқароларни тўплаб, медиасаводхонлик тадбирида қатнашдик. Барчамиз ўзимизга керакли маслаҳатларни олдик. Бугунги тадбирда қатнашган битта фуқаро тўртта одамга етказса, у тўртта фуқаро бошқа тўрттасига етказса ва шундай қилиб анчагина фуқароларимиз медиасаводхонлик билимларидан баҳраманд бўлиб қолади. Бу эса келгусида кибержиноятчиликларни бир қадар олдини олади,дейди “Чимён” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хомидов Абдувохид.

“Медиа-патрул” март ойидаги тадбирлари билан Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳри ва Фарғона туманидаги 78 нафар аҳоли вакилларини қамраб олди. Шуларнинг жинс таркиби бўйича: 45 тасини аёллар, 33 тасини эркаклар; ёш таркиби бўйича эса: 36 тасини ёшлар, 40 тасини ўрта ёшдагилар, 2 тасини эса кексалар ташкил қилди. Тадбир иштирокчиларнинг жинс ва ёш таркиби бўйича инфографика билан қуйида танишинг:

Умумий тарзда 5 ой ичида “Медиа-патрул” лойиҳа доирасида вилоятнинг Фарғона, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари, Бағдод, Бувайда, Олтиариқ, Риштон, Тошлоқ, Учкўприк, Фарғона, Қўштепа ва Қува туманларига тарғибот тадбирлари билан ташриф буюрди ҳамда юқоридаги ҳудудларда истиқомат қилувчи 368 нафар аҳоли вакиллари билан юзма-юз учрашди. Шуларнинг 219 нафарини аёллар, 149 нафарини эса эркаклар ташкил қилди. Шундан 134 таси ёшлар, 192 таси ўрта ёшдаги аҳоли вакиллари, 42 таси эса кекса авлод вакилларидан иборат бўлди.