Мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади.
Қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Шунингдек, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.
Хусусан, мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, адвокатурага бағишланган алоҳида бобнинг киритилиши суд ҳокимияти, прокуратура органлари қаторида одил судловнинг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг ҳуқуқий мақоми белгиланишига хизмат қилади.
Янгиланаётган Конституциямизда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда.
Айбсизлик презумцияси янада ислоҳ этилиб, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида, шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.
Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда.
Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.
Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, ҳозирда бу борада прокурорга тегишли бўлган айрим ваколатларнинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлади.
Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциясида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши қайд этилган ва бу ҳаётий ҳақиқатга айланади.
Бу каби янгилик ва ўзгаришлар орқали кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижалари Конституция даражадасида мустаҳкамланади.
Зеро, Янги Ўзбекистон учун янгиланаётган Конституция ҳаётий зарурат ва адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлиб, сўнгги йилларда олиб борилган барча соҳадаги ислоҳотларнинг конституциявий ҳимоясини таъминлаш демакдир.
Нодиржон Раимқулов,
Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.