Бола ҳуқуқлари — республикамиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири

1989 йилнинг 20 ноябрь санаси БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси қабул қилинган кун ҳисобланади. Ушбу Конвенция инсон ҳуқуқлари тарихидаги энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Зеро, мазкур санадан эътиборан, бола ҳуқуқлари дунёнинг қайси минтақасида бузилмасин, уни ҳимоя қилиш борасида халқаро имконият вужудга келди. Конвенция бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари мустаҳкамланган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бугунги кунда унинг тўлақонли қонунчилик асослари яратилган.

Жумладан, бола ҳуқуқлари кафолатларининг қонунчилик асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, ”Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик органлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган бўлиб, уларда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш; унинг камситилишига йўл қўймаслик; ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби бу борадаги сиёсатнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасида, та-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган бўлиб, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Бундан ташқари қонунчилигимизда ота-оналарнинг болаларни моддий таъминлаш мажбуриятларини бажармаганликлари учун жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47/4-моддасида, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддасида ушбу ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Бугунги кунда судлар томонидан ушбу турдаги маъмурий ҳамда жиноят ишлари қонунда белгиланган тартибда кўрилиб, бола ҳуқуқлари таъминланиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз томонидан навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базанинг мавжудлиги мамлакатимиизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Феруза Сиддикова, Фарғона вилоят судининг судьяси.