18 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Очиқ бюджет» порталида ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаси бўйича овоз бериш босқичи бошланганини эълон қилди.
Ташаббусли ёки партисипатор бюджетлаштириш — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти.
2023 йилнинг биринчи мавсуми доирасида мамлакат бўйича фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштиришга қарийб 1,7 триллион сўм йўналтирилиши кутилмоқда. «Очиқ бюджет» портали маълумотларига кўра, аҳолидан 55 970 та ташаббус келиб тушган.
Ушбу лойиҳалар бўйича овоз бериш 7 апрелгача давом этади (овоз бериш бўйича йўриқнома).
Фуқаролар ҳар қандай лойиҳа учун фақат битта овоз бериш ҳуқуқига эга. Энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар ғолиб деб топилади. Ғолиб бўлган лойиҳалар сони лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган маблағдан келиб чиқиб белгиланади.
Овоз бериш якунларига кўра ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори (фармойиши) лойиҳаси тайёрланмоқда. Бир ҳафта муддатда мазкур лойиҳалар халқ депутатлари кенгаши кўриб чиқиши учун киритилади.