Кексаларни улуғлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздан саналади. Эътиборлиси бу анъана бугунги кунда нафақат оила даврасида балки давлат ва жамоат ташкилотларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Фарғона вилоят суди ташаббуси билан бу эзгу анъанани давом эттирган ҳолда суд тизимида узоқ йиллар давомида ишлаган фахрийлар, фаолият юритаётган судьялар ва суд ходимлари иштирокида уч авлод учрашуви ташкил этилди.
Тадбирни Фарғона вилоят судининг раиси Шуҳрат Камолов кириш сўзи билан очиб, унинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, сўз суд тизими фахрийси Каримжон Талибовга берилди. Маърузачи юртимизда фахрийларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида сўз юритар экан, жумладан, бугунги кунда судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шу билан бирга суд тизими фахрийларига кўрсатилаётган эътибордан улар ҳам мамнун эканликларини қайд этди. Одил судловни таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатнинг барқарор бўлиши судьялардан чинакам фидойи, ҳалол ва қатъиятли бўлишни талаб этади. Шу маънода маърузачи кўпчилик ёш ва бўлажак судьялар фахрийлардан ибрат олиш кераклигига тўхталиб, ўзининг ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Сўзга чиққан яна кўплаб суд фахрийлари ҳам узоқ йиллик иш фаолияти давомида орттирган билим тажрибалари билан ўртоқлашди. Иш жараёнида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб беришди.
Фарғона вилоят суди жамоаси эзгу анъанага содиқ қолган ҳолда ўз фахрийларига иззат-икром кўрсатиб, келмоқда. Ўтказилган мазкур тадбир ҳам бу борадаги ишларнинг амалдаги ифодаси бўлди.