Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, амалга оширилган барча ислоҳотларнинг тадрижий давоми сифатида жаҳон миқёсидаги жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 28 январь кунги ПФ-60 сонли Фармонлари билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сон Фармонининг қабул қилиниши жорий йилда ҳам суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириб борасидаги ҳар қандай аралашув ва тўсқинликларга муросасиз муносабатни ва ҳуқуқий жавобгарлик чораларини белгилаш борасида долзарб ислоҳотлар амалга оширилишини яна бир бор тасдиқлади.
Хусусан, Фармоннинг 4-бандида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.
Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди:
— судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;
— суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш;
— одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш;
— судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;
— жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.
Шунингдек, Фармоннинг 4-бандида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгашига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган чораларни амалга ошириш бўйича қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Агар, судья мустақил ва низони ҳал қилиш чоғида ташқи таъсирлардан холи бўлса, бу унинг холис ва адолатли суд ҳужжатларини қабул қилишига шароит яратади. Пировардида аҳолининг судларга бўлган ишончи ортади, жамиятда ҳуқуқ устуворлиги таъминланади.
Бахтиёр ЮЛДАШЕВ, Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси