Коррупция – тараққиёт кушандаси

Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли. Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлди.

Ушбу қонун меъёрларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури” қабул қилинди. Дастур доирасида бир қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди, мавжудлари инвентаризациядан ўтказилди. Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Айтиш лозимки, коррупция келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятларни ич-ичидан емириб, демократик ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.

Хўш коррупция нима ўзи, нега бутун дунё шу иллатга қарши курашмоқда?

Коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий ҳуқуқий ҳодисадир. Маълумки, бу иллат ҳар қандай жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига зарар етказади. Жамиятнинг маънавий ахлоқини емиради, қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий тарзда бузилишига олиб келади. Шу билан бирга, уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради. Унинг домига илинган амалдор шахсий манфаатини давлат манфаатидан устун қўйиши натижасида, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади, чет эллик шерикларда ҳам ишончсизлик уйғотади ва уларни ҳамкорликдан қайтаради.

Ҳақиқатан, коррупция муаммоси бугунги кунда дунё миқёсида ўз ечимини талаб этаётган биринчи масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам, жаҳон ҳамжамияти бу иллатга қарши кескин курашмоқда. Бу йўналишда бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинган бўлиб, БМТ ҳомийлигида қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш резолюцияси (1995 й.), Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси (1996 й.), Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши курашиш декларацияси (1997 й.), Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси (2000 й.), Коррупцияга қарши конвенция (2003 й.) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Тан олиб айтиш лозимки, мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу борада сўз юритар эканмиз аввало, мамлакатимиз 2008 йилда Коррупцияга қарши конвенцияга, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига қўшилганлигини, Олий Мажлис томонидан 2011 йилда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битимни ратификация қилинганлигини кўрсатиб ўтиш лозим.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш  тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурларининг қабул қилинганлиги юртимизда коррупция билан боғлиқ хуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга Қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сон Фармони бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Афсуски, юртимизда бу борада етарлича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қарамасдан жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг  24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳам Коррупция жамиятимиз ривожига ғов бўлаётган энг катта иллат эканлигини баён  этиб, қуйидаги сўзларни жумладан, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” – деб таъкидладилар.

Мазкур вазифалар ижросини тизимли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида, фақат парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этилиши зарурлиги айтиб ўтилди.

Айни шу мақсадлардан келиб чиқиб, асосий вазифаси коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши ҳам юқоридаги фикрларимизнинг яққол ифодасидир.

Шокиржон МИРЗАМАТОВ, Риштон туманлараро иқтисодий суди судьяси