Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида “Товардаги нуқсонларни бепул бартараф этиш тартиблари, бу борада сервис компанияларнинг ўрни” мавзусида Пресс-тур ўтказилди.
Унга кўра, тадбир иштирокчилари Артел компанияси сервис марказининг Фарғона филиалида ва шу ҳудудда жойлашган “Мунис мебел” супермаркетида бўлишиб, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари, кафолат муддати ва яроқлилик ичида товардаги нуқсонларни бепул бартараф этиш тартиблари, бу борада сотувчилар ва ишлаб чиқарувчининг вакили бўлган сервис компанияларининг тутган ўрни ва роли хусусида маълумотларга эга бўлдилар.
Таъкидландики, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши (4-модда), товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қопланишини талаб қилиш (13-модда) каби ҳуқуқларга эга. Сотувчи ва ишлаб чиқарувчилар (сервис компаниялари) эса, товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозим (15-модда).
Узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади (сотувчининг ҳисобидан унинг ўзи ёки вакили элтиб беради. Товардаги нуқсонларни бартараф этиш хусусида талаб қўйилган тақдирда, ундан фойдаланишнинг кафолат муддати истеъмолчининг товардан фойдалана олмаган даврга тенг муддатга узайтирилади. Мазкур муддат истеъмолчи нуқсонларни бартараф этиш талаби билан мурожаат этган кундан эътиборан ҳисоблана бошлайди. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчининг таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиш учун шундай товарни бериб туриш ҳақидаги талабини бажариш кечиктирилган ҳар бир кун учун, шунингдек, нуқсонларни бартараф этишнинг шартномадан келиб чиқадиган муддатларидан ортиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига неустойка (пеня) тўлайди (15-модда).
Ғайрат МАМАТҚУЛОВ, Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати раҳбари