Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг «Мингтут» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи С.Ҳ.нинг бўлиб тўлаш шартларида харид қилинган тикув машинасидан фойдаланиш жараёнида нуқсонлар аниқлангани ва сотувчи томонидан уларни бепул бартараф этиб бериш чоралари кўрилмаётганлиги тўғрисида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ягона ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда истеъмолчи томонидан даъво қилинишича, у шаҳардаги «Тўёна» кредит савдо дўконидан шартнома нархи 6 320 000 сўм бўлган JACK русумидаги тикув машинасини нархини бир йил давомида бўлиб шартларида жорий йилнинг март ойи охирларида харид қилган. Бироқ ундан фойдаланиши жараёнида нуқсонлар юзага чиққан. Бу борада сотувчига қилган мурожаатларидан натижа чиқара олмагач, Федерация ишонч телефонига мурожаат қилиб, бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Амалдаги қонунчилик бўйича истеъмолчи харид қилинган товарга нисбатан эътирозлари билан сотувчига мурожаат қилади, сотувчи эса ўз навбатида ушбу эътирозларнинг сабабларини ўрганиб чиқиб, тегишли чора-тадбирларни кўради. Ушбу жараёнда истеъмолчи томонидан қўйилган қонуний талаблар асоссиз равишда қаноатлантирилмаган ёки тегишли чора-тадбирлар кўрилмаган тақдирда, истеъмолчида ўз қонуний талабларининг ижросини таъминланиши лозим бўлган санадан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар баҳосининг 1 фоизи миқдорида неустойка (пеня) ундириб олиш ҳуқуқи вужудга келади.
Мурожаат ўрганилиши давомида сотувчига сўров хати киритилиб, қонунчиликнинг юқоридаги талаблари тушунтирилгач, сотувчи томонидан истеъмолчига сервис хизматлари кўрсатилиши ва тикув машинасидаги нуқсонлар бепул бартараф этиб берилиши ишлари амалга оширилиб, истеъмолчини қийнаб келган муаммони бартараф этилишига эришилди.