Инклюзив таълим: муаммоларга қандай ечим топилмоқда?

Ўғлининг ногирон туғилишини ҳатто Шоҳида ҳам, унинг турмуш ўртоғи ҳам хаёлига  келтирмаган эди. Аммо шу кўргулик тақдирларига битилган экан. Ота-она Фарруҳнинг кўпчилик болалар қатори етти мучаси соғ туғилган, деб ўйларди. Унинг мияси суст ишлашини, яъни учдан бир қисми ўз вазифасини тўғри бажармаслигини кейинроқ – Фарруҳ тўрт ёшга кирганда билишди. Чунки боланинг тили ҳадеганда чиқавермади. Ота-она ана гапирар, мана, гапирар, деб юраверди, аммо аҳвол ўнгланмагач, шифокорма-шифокор югуришни бошлади. Ахийри, болага аутистик спектр бузилиши ташхиси қўйилди…

Шоҳида, Фарруҳнинг онаси:

Ташхисни эшитган куним мен учун ҳаёт тўхтаб қолгандек эди. Боламнинг одамовилиги, ўйинчоқларини нуқул қаторлаштириб териб чиқиши, ҳеч ҳам кўзимга қарамаслиги, ўпсам, бағримга боссам,  асабийлашиб, итариб ташлаши ва ғайриодатий овозлар билан бақириши, ўта инжиқлиги, уйқусида кўп безовталаниши – буларнинг  бари кўнглимга шубҳа соларди-ю, тан олгим келмасди, менинг болам соппа-соғ, ривожланишдан ортда қолган эмас, дердим, ўзимга-ўзим.

Хуллас, мана, ўн йилдирки, бошқаларга ўхшамаган, «ўзгача» болани катта қиляпман. Ҳозир гапиради, аммо унинг тилини мендан бошқа одам тушунмайди.

Ўғлим расм чизишга ниҳоятда қизиқади. У бошқа болалардек бўлмагани учун махсус мактаб-интернатга берганмиз. Очиғи, Фарруҳимга она, ҳамшира, дўст, тарбиячи бўлибману, устозлик қилиб кўрмаган эканман. Тўғри, уйга вазифаларини доим биргаликда бажарардик, аммо пандемия туфайли жорий қилинган карантинда асосий дарслар онлайн шаклга ўтгач, ҳаммадан кўп қийналган мен бўлдим. Чунки имконияти чекланган бола телевизор ёки компьютер орқали дарсни тушуна олмайди. Ўқитувчи у билан жонли мулоқот қилиб, ёнма-ён туриб, индивидуал шуғулланиши керак. Фарруҳ баъзан бундай шаклдаги дарс ёқмаётганидан асабийлашиб, ҳамма нарсани улоқтириб қоларди. Бундай пайтда онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Нега куюнаман, биласизми? Негаки, менинг ўғлим учун ҳар бир кун, ҳар бир машғулотнинг аҳамияти катта. Ва энг муҳими, унинг қизиқиши сўниб қолмаслиги, яна «ўз олами»га шўнғиб кетмаслиги керак. Бунинг учун эса маҳоратли ўқитувчи, ҳар куни у билан астойдил шуғулланадиган тажрибали устоз зарур.

Турмуш ўртоғим иккимиз зиёли одамлармиз. Шунинг учун ҳам, боламнинг ақлий ва нутқий ривожланишида нуқсон бўлса-да, кучи етганча нималарнидир ўрганишини, қизиқишини ривожлантиришни истаймиз. Чунки у келажакда ўзини ўзи эплай оладиган даражага етиши шарт! Болам нотавон бўлиб қолмаслиги керак!

Ўйлаб қоламан, бизки, онлайн ўқиш пайти уйимизда вай-фай, компьютер каби имкониятлар бўла туриб, шунча қийналдик, бошқалар, яъни моддий имконияти чекланган ота-оналар нима қилдийкин? Карантин туфайли ҳеч кутилмаганда шундай режим жорий қилинди. Аммо бунга ким тайёр эди?! Менимча, ҳеч ким…

Ҳа, Covid-19 пандемияси сабаб ўзбекистонлик ўқувчи ёшлар онлайн ўқишга мажбур бўлди. Бу ўқувчилар учун ҳам, уларнинг ота-оналари учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам осон бўлмади. Айниқса, ногиронлиги бор ва инклюзив таълимга муҳтож болалар учун ўқиш ниҳоятда мураккаблашди.

Карантин Ўзбекистон таълим тизимининг рақамли форматда ишлаш имкониятлари у қадар кенг эмаслигини кўрсатди. Аммо бу соҳада йиллар давомида амалга оширилмаган ислоҳотлар тезлашганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шунга қарамай, махсус таълимга эҳтиёжманд болаларни масофадан ўқишга мослаштириш бугун ўта мураккаб вазифалигича қолмоқда.

Пандемиядан аввал ҳам ногиронлиги бўлган шахслар, хусусан, мактаб ўқувчиларининг ҳам моддий, ҳам таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва ижтимоий фаоллик нуқтаи назаридан тенгсизликка дуч келгани бор гап. Пандемия бу тўсиқ ва тенгсизликларни янада кучайтирди.

Пандемия даврида Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи ногиронлик билан боғлиқ соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишда, тўртдан бир қисми эса ногиронлиги бўлган кишиларни ижтимоий ҳимоялаш тизимида узилишлар бўлгани ҳақида шикоят қилишган. Бундан ташқари, уларнинг камида ярми ногиронлиги бўлган болалар пандемия даврида таълим олиши учун ҳукуматлар тегишли чоралар кўрмаганини таъкидлайди. Бу минтақада ногиронлиги бўлган болалар учун имкониятлар етарли эмас. Масалан, имконияти чекланган ёшлар орасида таълим, меҳнат ёки касб ўрганиш билан банд бўлмаганлар 77 фоизни ташкил қилса, мазкур кўрсаткич оғир ногиронлиги бўлганлар учун 91 фоизга етади. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган болалар, айниқса, қизлар мактабга боришмайди ёки ўқишни ташлаб қўйишади.

 

Хелена Фрейзер, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили:

“Ногиронлар атрофимизда, ёнгинамизда. Афсуски, жаҳон миқёсида ногиронлиги бўлган 1 миллиарддан зиёд кишининг жуда кўпчилиги ҳали ҳам назардан четда, уларнинг эҳтиёж ва манфаатлари кўринмас ҳолатдалигича қолмоқда, бундай инсонларнинг мавжудлигига эътибор берилмаяпти ҳамда меҳнат маҳсулдорлиги талаб қилинмаяпти”.

Онлайн дарслар машаққати

Ашраф, 9-синф ўқувчиси:

– Мен туғма ногиронман. Пандемиядан аввал мактабга қатнаб ўқирдим. Ўқитувчиларим, синфдошларим орасида ўзимни жуда яхши ҳис қилардим, дарсларга ҳар куни тайёрланиб боришга ва аъло баҳолар олишга ҳаракат қилардим. Карантинда Интернет орқали дарс ўтилиши менга умуман ёқмади. Ўқитувчим ёнимда бўлса, мен хавотирлар, ҳаяжон ва қўрқувларсиз ўқийман, қийин мавзулар олдида ўзимни йўқотиб қўймайман. Онлайн дарсда шу нарса етишмади, устозимни, айниқса, нутқ терапияси дарсларини соғиндим. Яна онлайн берилган вазифаларни бажаришга жуда қийналдим, дарсни яхши тушунмагандан кейин уйга вазифани бажариш ҳам осон бўлмас экан.

Ҳа, Ашраф ва у каби болалар учун ўқитувчининг айтганларини жонли мулоқот воситасида уқиб олиш жуда муҳим.Айнан шу боис масофадан ўқитиш махсус таълимга эҳтиёжи бор ўқувчилар учун қийин тажрибага айланди.

София, Самарқанд шаҳридаги мактаб ўқитувчиси:

– Махсус мактабларда ўқитувчилар фанларни ўқитишда нафақат махсус усуллардан фойдаланишади, балки ўқув дастурини болаларнинг ўзига хос эҳтиёжларига индивидуал тарзда мослаштиришади ҳам. Чунки, баъзи болаларнинг эшитиш қобилиятидан ташқари, соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммолари ҳам бор ва ўқитувчи ҳар бир ўқувчи учун матнлар, топшириқларни индивидуал равишда ўзгартириши, мослаштириши керак. Пандемия даврида бу жараён биз учун ниҳоятда қийин кечди. Тўғри, ота-оналар бу борада ўқитувчига астойдил ёрдам беришди. Барча дарсларни онлайн ўтказиш керак бўлган пайтда улар бизни энг кўп қўллаб-қувватлаган қатлам бўлди. Ўқувчилар, айниқса, бошланғич синф болалари, табиийки, топшириқларни бажара олмасди, шунинг учун ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз керак эди ва биз буни уддаладик – ўқитувчи-ўқувчи-ота-она ҳамкорлиги биз учун ягона нажот воситаси бўлди. Ҳозир мактабга, офлайн ўқитишга қайтганимиздан хурсандмиз!

 

 Шаҳло, самарқандлик психопедагог ва нутқ терапевти:

– Карантин пайтида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига онлайн таълим олиш жараёнида кўмаклашувчи, аниқ вазифаларни ўз ичига олган видеороликларни ишлаб чиқдим. Бу, албатта, ўзимнинг ташаббусим эди ва шунинг учун маблағни ҳам ўзим топдим. Бу сингари йўриқномалар бўлмаса, биз онлайн ўқитишни ташкил қила олмас эдик. Ота-оналарга керакли вазифаларни тушунтириш учун йўриқнома зарур бўлди. Чунки ҳамма ҳам нутқида муаммоси бор фарзанди билан мустақил ишлай олмайди. Йўриқномада бола билан онлайн дарс жараёнида ва ундан сўнг қандай шуғулланиш кераклиги қадамба-қадам тушунтирилган. Унинг ёрдамида ота-она масофавий таълим жараёнида нималарга эътибор қаратиши кераклиги, топшириқларни бажаришда қандай усуллардан фойдаланиш мумкинлиги ва болани қандай саволлар ўйлантираётганини тушуниб олади.

Иззат, бухоролик логопед ўқитувчи:

— Ростини айтсам, онлайн дарслар жуда самарасиз бўлди. Чунки оғзаки мулоқотни ривожлантиришнинг асосий унсури бола билан тўғридан-тўғри алоқадир. Ўқитувчи овоз тебранишлари, ритми, тезлигини сезиши ва сезгиларнинг бутун спектрига эътибор қаратиши керак. Бизнинг ўқувчилар асосан имо-ишора билан мулоқот қилишади. Нутқ терапияси дарсларида нутқнинг шаклланишига эътибор қаратамиз. Онлайн дарслар қийинчиликларга тўла, чунки ўқувчилар ҳар бир фикрни устознинг лабларидан уқиб олиши ниҳоятда мураккаб кечди…

Гўзал, логопед-ўқитувчи:

— Ногиронлиги бўлганларнинг таълимдан четда қолиб кетиши ҳар бир ўқитувчини ташвишга солади, албатта. Уларнинг кўпчилиги ўрта мактабнинг фақат 4-синф маълумотига эга бўлади, кўзи ожиз ва эшитмайдиган ёшлар келажакда касб-ҳунар эгаллаб, иш жойига эга бўлишлари учун билим олишлари зарур. Мен бугунги кунда имо-ишора тилини кенг тарғиб қилишга ҳаракат қиляпман. Пандемия пайтида ўқитувчилар учун онлайн дарслар ўтказдим. Мактаб-интернатлардаги ўқитувчилар бундай кўникмаларга эга бўлишлари, ҳеч бўлмаганда артикуляция муҳим бўлган фанлар бўйича дарсларда ушбу кўникмаларни ишлата билишлари зарур.

 

 

Президент қарори нималарни ўзгартиради?

Онлайн ўқитиш тизими ортда қолгандек. Бу – яхши. Зеро, офлайн шаклда ўқитишнинг ўрни бўлакча. Шу ўринда имконияти чекланган болаларнинг бошқа соғлом болалар билан тенг шароитда ўқитилиши ҳақида сўз юритсак. Аслини олганда, бу борада мақтанишга арзигулик ишларнинг ўзи йўқ. Тизимда муаммолар бор. 2020 йилнинг 13 октябрида қабул қилинган «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига 1-иловада ана шундай муаммолар қайд этилиб, уларнинг ечими юзасидан қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

Сурат манбаси: zak.depo.ua

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА Президент қарорида белгиланган муҳим чора-тадбирларнинг аҳамияти хусусида шундай дейди:

Президентимизнинг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, тажриба-синов тариқасида шаҳарларда ва Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан мактабда инклюзив таълим жорий қилинади. Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан мактабда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч синфлар очилади. Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган биттадан касб-ҳунар мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ва алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослашган гуруҳлар ташкил этилади. Шунингдек, 2021-2022 ўқув йилида ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий ўрта таълим 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонли болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб интернатларда 9 йиллик муддатларда амалга оширилади. Шунингдек, уларни касбга ўқитиш курслари ташкил этилиб, битирувчиларга сертификат берилади.

Сурат манбаси: feodou29.crimea-school.ru

-Онлайн шаклда ўқиш билан боғлиқ қийинчиликлар ортда қолди, тўғри. Лекин шароит тақозоси, масалан, яна карантин чоралари кучайтирилишга тўғри келса ёки мактабда коронавирус аниқланса, муайян муддат уйдан туриб таълим олишга тўғри келиши мумкин. – дейди Фарруҳнинг онаси Шоҳида, – Бундай  вазиятда яна ўша қийинчиликлар – ўқитувчининг ёрдамисиз қолиш, вақт йўқотиш, боланинг руҳий ҳолатида муаммолар юзага келади. Бунинг олдини олиш учун биринчи навбатда, ота-оналар учун (ҳар бир синдром бўйича) ижтимоий-психологик ёрдам йўналишидаги видеойўриқномалар яратилса, яхши бўларди. Ушбу видеоёзувда тажрибали психолог ва педагоглар ногирон бола билан ишлашда нималарга эътибор қаратиш кераклиги, унинг ташқи кўриниши, мимикалари, хатти-ҳаракатларига қараб, хоҳиш-истакларини ўрганиш, боланинг тарқоқ диққатини жамлаш, уни дарсга қизиқтириш каби усулларни ўргатишса, бу ота-онага ногирон фарзанди таълими билан шуғулланишда бирмунча кўмак берган бўлар эди!        

Санобар Шодмонова – тарих фанлари доктори, профессор, Тошкент давлат шарқшунослик университети кафедра мудири