Парламент қуйи палатасининг 27 июль куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг «Ўзбекистон Республикасида атроф муҳит муҳофазаси бўйича дастурларнинг ижро этилиш ҳолати тўғрисида»ги ахборотини эшитдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу дастурларни амалга оширишда асосий эътибор аҳоли ва давлатнинг яшаш муҳити ҳамда экологик хавфсизлик даражаси учун кафолатланган ва қулай шароитларни яратишга, технологик жараёнларни ҳамда табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштиришга, атроф муҳитнинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти чиқиндилари билан ифлосланиши олдини олишга, экологик таълим ва барқарор ривожланиш мақсадларида таълим соҳасида табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларини ва норматив-услубий базани такомиллаштириш масалаларига қаратилди. Шу билан бирга, табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш ҳамда табиий муҳитнинг трансчегаравий ифлосланиши олдини олишга доир минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди.
Муҳокамалар чоғида депутатлар дастурларда ижро этилмаган бандларнинг бажарилиши сифатини ҳамда ушбу тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган маблағлар ва моддий ресурсларнинг ўзлаштирилишини танқидий таҳлил этиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаб ўтдилар.
Шундан сўнг депутатлар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Депутатлар ишни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишдан бошладилар. Муҳтож шахсларга шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз рад этганлик учун тиббиёт ташкилотларининг раҳбарлари ва ходимларига жавобгарлик белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси юзасидан қизғин баҳслар бўлди.
Шу нарса таъкидландики, кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ҳамда фуқароларнинг малакали тиббий ёрдам кўрсатилишига бўлган ҳуқуқини таъминлаш, аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатиш тезкорлиги, сифати ва даражасини ошириш учун мўлжалланган амалдаги қонунчилик базасини тўлдиради.
Шу билан бирга, депутатларнинг фикрига кўра, ҳуқуқий ҳужжатнинг мазкур лойиҳаси ҳали маромига етказилиши керак, унда мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар тўла акс этмаган. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг масъул қўмитага фракциянинг фикрлари ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳани иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун қонун лойиҳасини маромига етказиш таклиф этилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш профессионал юридик ёрдам сифатини, адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек суд ишларини юритишда тенг ҳуқуқлилик ва баҳслашув принципларини тўлиқ амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган адвокатура институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Шунингдек мажлисда депутатлар нотариат институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Таъкидлаб ўтилганидек, нотариал идоралар фаолиятида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга, иқтисодий, оилавий, меросга, уй-жойга ва меҳнатга оид ҳамда бошқа низоларнинг олдини олиш учун нотариат салоҳиятидан тўлақонли фойдаланишга тўсқинлик қилувчи кўплаб муаммолар ва камчиликлар мавжуддир.
Қонун лойиҳасининг мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини яхшилаш, низоларнинг олдини олувчи институт сифатида ривожлантириш, шахсларни нотариал фаолиятга кириш имконини берувчи самарали, шаффоф, нотариатни ҳалол ва малакали нотариал хизматларни юқори сифатда кўрсата оладиган мутахассислар билан тўлдириш тизимини яратишга қаратилгандир.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нотариатни огоҳлантирувчи одил судлов институти сифатида янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва тезкорлиги ошади.
Шундан сўнг сув, электр ва газ таъминоти хизматлари учун тўлов интизомини мустаҳкамлашни, шунингдек истеъмолчиларнинг масъулиятини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 134-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинди ҳамда муҳокама жараёнида билдирилган фикрлар ва таклифларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш вазифаси масъул қўмиталар зиммасига юклатилди.