Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимининг бошланғич версиясини ишлаб чиқади. Бу президентнинг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган.
Унга кўра 2019 йил 1 январдан унинг қуйидагиларга имкон берувчи тўлиқ версияси ишга туширилади:
а) ваколатли органга:
назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида текширувларни ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш ва текширувларни ўтказишга ноёб код билан рухсат бериш;
назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган текширувлар ўтказиш тартибига риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш;
б) назорат қилувчи органларга ўтказилган текширувлар натижаларини киритиш;
в) тадбиркорлик субъектларига ўз сўровларига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни қисқа хабар (SMS) кўринишида ҳамда реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиш.