Рақобат қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамкорлигида Қўқон шаҳридаги дорихоналарда “сирли мижоз” тадбири ўтказилди.
Тадбир дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартибига риоя этилиши, дори воситаларининг белгиланган тартибда берилиши ҳамда харидорларга улардан фойдаланиш бўйича зарур маълумотлар тақдим этилишини ўрганиш мақсадида ташкил этилди.
2026 йил 13 август куни Қўқон шаҳридаги 11 та дорихона қамраб олинди.
Тадбир доирасида бир нечта дорихоналарда харидорга дори воситасини қўллаш даврийлиги, бир марталик ва суткалик дозаси ҳамда қўллаш усули ҳақида маълумот берилган бўлсада, сақлаш тартиби ва яроқлилик муддати ҳақида тўлиқ маълумот берилмагани қайд этилди. Яна бир қатор ҳолатларда эса дори воситасини сақлаш тартиби ва яроқлилик муддати, айрим ҳолатларда эса уни қўллаш билан боғлиқ зарур маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаган.
Тадбир натижалари дорихонада дори воситасини сотишнинг ўзи етарли эмаслигини яна бир бор кўрсатди. Истеъмолчи дори воситасини қандай қабул қилиши, қандай тартибда қўллаши, қандай сақлаши ва унинг яроқлилик муддати ҳақида зарур маълумотга эга бўлиши муҳим.
“Сирли мижоз” тадбирининг асосий мақсади — жазолаш эмас, балки камчиликларнинг олдини олиш, хизмат сифатини яхшилаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга кўмаклашишдир. Шу сабабдан, тадбир якунларига кўра аниқланган ҳолатлар юзасидан дорихоналар раҳбар ва масъул ходимларига жавобгарлик чораларини қўлламасдан, тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда амалий ёрдам кўрсатилди.
Сифатли хизмат — масъулиятли ёндашув ва истеъмолчига тўлиқ маълумот беришдан бошланади!