Дори воситаси — оддий товар эмас. Уни нотўғри танлаш, сақлаш шароитларига амал қилинмаган маҳсулотни харид қилиш ёки сифатсиз тиббий буюмдан фойдаланиш инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис дорихонага кирган ҳар бир инсон нафақат харидор, балки ўз ҳуқуқларини билиши ва улардан тўғри фойдаланиши лозим бўлган истеъмолчи ҳамдир.
Бугунги кунда аҳолини қизиқтираётган масалалар орасида дорининг нархи, унинг ҳақиқийлиги, яроқлилик муддати, рецепт билан ёки рецептсиз берилиши, онлайн буюртма қилиш, чек берилмаслиги ҳамда дорини қайтариш билан боғлиқ саволлар кўп учрайди.
Хўш, дори воситаси ёки тиббий буюм харид қилаётганда нималарга эътибор қаратиш керак?
1. Дорини фақат қонуний фаолият юритаётган дорихонадан харид қилинг
Соғлиқ ҳақида гап кетганда тасодифий сотувчиларга ишониш катта хато бўлиши мумкин. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали келиб чиқиши номаълум бўлган дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ёки тиббий буюмларни харид қилишда эҳтиёткорлик зарур.
Дорихонада харидор учун зарур маълумотларни олиш имконияти бўлиши, дори воситалари белгиланган талаблар асосида сақланиши ва уларни сотишда қонунчилик талабларига амал қилиниши муҳим.
Эсда тутинг: арзон нарх ҳар доим ҳам яхши харид дегани эмас. Номаълум манбадан олинган арзон дори саломатлик учун қимматга тушиши мумкин.
2. Дори номини, дозасини ва шаклини диққат билан текширинг
Дори воситасини қабул қилишдан олдин унинг айнан сизга тавсия этилган дори эканига ишонч ҳосил қилинг.
Қадоқдаги маълумотларга эътибор беринг:
— дори воситасининг номи; — фаол моддаси; — дозаси; — дори шакли; — ишлаб чиқарувчи; — ишлаб чиқарилган санаси; — яроқлилик муддати; — серияси.
Айрим дориларнинг номи ёки қадоғи бир-бирига ўхшаш бўлиши мумкин. Бир ҳарфдаги фарқ ёки дозанинг бошқача бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шунинг учун “Номи ўхшаш экан, шу ҳам бўлаверади” деган ёндашувдан сақланинг.
3. Яроқлилик муддатини албатта текширинг
Харид қилишдан олдин қадоқда кўрсатилган яроқлилик муддатига эътибор беринг. Муддати ўтган дори воситасини сотиш мумкин эмас.
Шу билан бирга, яроқлилик муддати ҳали тугамаган бўлса ҳам, дори нотўғри шароитда сақланган бўлса, унинг сифатига таъсир кўрсатиши мумкин.
Масалан, айрим дори воситалари муайян ҳарорат шароитида сақланиши талаб этилади. Шу сабабли дорихонада сақлаш талабларига амал қилиниши ҳам истеъмолчи учун муҳим масала ҳисобланади.
4. Қадоқнинг ҳолатини кўздан кечиринг
Қутиси эзилган, йиртилган, очилган ёки шикастланган маҳсулотга бефарқ бўлманг.
— ёзувларнинг ноаниқлиги; — ишлаб чиқарувчи ҳақида маълумотнинг тўлиқ эмаслиги; — қадоқнинг шикастлангани; — серия ёки яроқлилик муддатига оид маълумотларнинг ўчиб кетгани; — дори ташқи кўринишида ғайриоддий ўзгаришлар.
Бундай ҳолатларда фармацевтдан изоҳ сўраш ва зарурат бўлса, маҳсулотни харид қилмаслик мақсадга мувофиқ.
5. Фармацевтдан савол беришдан тортинманг
Истеъмолчи дори воситаси ҳақида зарур ва тушунарли ахборот олиш ҳуқуқига эга.
Агар сизга бирор жиҳат тушунарсиз бўлса, сўранг:
“Бу дори нима учун?” “Қандай қабул қилинади?” “Қандай шароитда сақланади?” “Яроқлилик муддати қанча?”
Бироқ муҳим қоида бор: фармацевтдан олинган маълумот шифокор кўрсатмасини ўзбошимчалик билан ўзгартириш учун асос бўлмаслиги керак. Айниқса, кучли таъсир қилувчи ёки рецепт асосида бериладиган дори воситаларини шифокор тавсиясисиз қабул қилиш хавфли бўлиши мумкин.
Интернетдаги маслаҳат ёки танишнинг тавсияси ҳар доим ҳам сиз учун тўғри даволаш усули дегани эмас.
6. Тиббий буюмларни ҳам синчиклаб танланг
Тонометр, термометр, глюкометр, ингалятор, бинт, шприц, тест тизимлари ва бошқа тиббий буюмларни харид қилишда ҳам маҳсулот сифати ва хавфсизлигига эътибор қаратиш лозим.
Хариддан олдин:
— маҳсулотнинг бутлиги; — ишлаб чиқарувчиси; — фойдаланиш йўриқномаси; — яроқлилик муддати, агар белгиланган бўлса; — кафолат ва фойдаланиш шартлари ҳақида маълумот олинг.
Мураккаб тиббий қурилмаларни сотиб олишда улардан қандай фойдаланишни билиш ҳам жуда муҳим. Чунки сифатли қурилмани ҳам нотўғри ишлатиш хато натижага олиб келиши мумкин.
7. Тўловни тасдиқловчи ҳужжатни олишни унутманг
Дори воситаси ёки тиббий буюм харид қилганингизда қонунчиликка мос равишда тўловни тасдиқловчи ҳужжатни олинг.
Бу оддий чек эмас. У харид амалга оширилганини тасдиқловчи муҳим ҳужжатдир.
Низо юзага келганда чек ёки бошқа тўловни тасдиқловчи ҳужжат сизга:
— қачон харид қилганингизни; — қаердан харид қилганингизни; — қандай маҳсулот учун қанча тўлаганингизни тасдиқлашга ёрдам беради.
Шунинг учун “Майли, чек керак эмас” деган қарорга шошилманг.
Дорини қайтариш масаласида нимани билиш керак?
Дори воситалари ва тиббий буюмларга нисбатан уларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда махсус талаблар қўлланилиши мумкин. Шу боис ҳар қандай ҳолатда “харид қилдим — албатта қайтариб бераман” деган тушунча тўғри эмас.
Бироқ маҳсулот сифатида нуқсон аниқланса, истеъмолчига нотўғри товар берилса ёки қонунчилик талаблари бузилган бўлса, масалани қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилиш мумкин.
Шу сабабли қадоқ, чек ва маҳсулотга оид бошқа ҳужжатларни сақлаб қўйиш фойдали.
Онлайн харидда янада эҳтиёт бўлинг
Бугун ижтимоий тармоқлар ва турли интернет саҳифалари орқали дори воситалари ва тиббий маҳсулотларни сотиш ҳақидаги эълонлар кўпайган. Бундай ҳолатда айниқса сергак бўлиш лозим.
“Ҳар қандай касалликни 3 кунда даволайди”, “100 фоиз кафолат”, “Шифокорсиз ҳам қабул қилиш мумкин” каби шубҳали ваъдаларга ишониб кетманг.
Харид қилишдан олдин маҳсулот ва уни таклиф қилаётган манба ҳақида етарли маълумотга эга бўлинг.
Энг муҳими — саломатлигингизни таваккалга қўйманг
Дори воситаси инсон саломатлигини тиклаш учун хизмат қилиши керак. Аммо уни нотўғри танлаш ёки нотўғри қабул қилиш салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин.
Шунинг учун дорихонага кирганда қуйидаги 7 қоидани ёдда тутинг:
1. Дорини ишончли ва қонуний фаолият юритаётган дорихонадан олинг. 2. Номи ва дозасини диққат билан текширинг. 3. Яроқлилик муддатига эътибор беринг. 4. Қадоқнинг бутлиги ва маҳсулот ҳолатини кўздан кечиринг. 5. Тушунарсиз ҳолатларда мутахассисдан сўранг. 6. Тиббий буюмларнинг сифати ва фойдаланиш шартларини текширинг. 7. Тўловни тасдиқловчи ҳужжатни олишни унутманг.
Унутманг: дори харид қилишдаги бир неча дақиқалик эътиборсизлик саломатликка узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин. Огоҳ ва билимли истеъмолчи — ўз саломатлигини асрайдиган истеъмолчидир.
Улуғбек Мирзаумаров, Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси.