Кўп квартирали уйлардан техник фойдаланиш нормалари янгиланди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 14.08.2026 йилдаги буйруғи билан Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Янги нормалар кўп квартирали уйларнинг фасадларини таъмирлаш ва ертўлалардаги магистрал тармоқларни назорат қилиш, шунингдек, умумий фойдаланишдаги ҳудудларда санитария нормаларини сақлаш тартибини белгилайди. Улар уч ойдан кейин кучга киради.

Хусусан, фасадларни таъмирлаш муддатлари белгиланди – бинонинг ташқи фасадида юзага келган нуқсонларни бошқариш органи бир ой ичида тўлиқ бартараф этиши лозим.

Ертўладан транзит сифатида ўтадиган магистрал иссиқлик қувурлари ва тизимларида носозликлар аниқланганда, бошқариш органи бу ҳақда зудлик билан иссиқлик таъминоти ташкилотини хабардор қилиши ва таъмирлаш бригадаларининг тўсиқсиз киришини таъминлаши шарт.

Аҳолининг умумий хавфсизлигини таъминлаш ва бинонинг лойиҳа талабларига риоя қилиш мақсадида, кириш йўлакларига совутиш ва иситиш қурилмалари блокларини ўзбошимчалик билан ўрнатиш тақиқланди.

Лифтдаги авария-қутқарув қурилмаси, кузатув камераси, алоқани кучайтириш қурилмаси ва авария ҳолатлари тўғрисида хабар бериш воситаларини соз ҳолатда сақлаш лозим.

Бундан ташқари, лифтга ҳар ой техник хизмат кўрсатилишини ва унинг йиллик даврий техник кўрикдан ўтказилишини таъминлаш зарур.

Барча лифт кабинасида қуйидагилар кўрсатилган махсус лавҳа бўлиши шарт:

  • фойдаланиш қоидалари;

  • лифтнинг номи ва юк кўтариш қобилияти (рухсат этилган йўловчилар сони билан);

  • «Хавфсиз лифт» электрон платформасидаги қайд рақами;

  • даврий техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

  • авария ва техник хизмат кўрсатиш диспетчерлик марказининг ишчи телефон рақамлари.

Шунингдек, шахта ва машина хонасига қўйиладиган талаблар белгиланди – лифт шахтаси, машина хонаси ва унга кириш жойи бўш бўлиши, бегона буюмлар бўлмаслиги ва тўлиқ ёритилиши лозим.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 16.11.2026 йилдан кучга киради.