Иситиш ускунасини танлашда фақат нарх ва қувватга эмас, унинг сифати, хавфсизлиги, кафолати ва фойдаланиш шартларига ҳам эътибор қаратиш лозим. Зеро, истеъмолчининг ҳуқуқлари товар сотиб олинганидан кейин эмас, балки харид жараёнининг ўзидаёқ таъминланиши керак.
Қиш мавсуми яқинлашиши билан хонадонларни иситиш воситаларига бўлган талаб ортиб боради. Электр иситгичлар, газ қозонлари, кўмир ва ўтинда ишлайдиган печлар, турли муқобил иситиш қурилмалари аҳоли томонидан фаол харид қилинади.
Бундай шароитда истеъмолчиларнинг асосий вазифаси нафақат хонадонни иситиш учун мос воситани топиш, балки харид қилинаётган маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигига ишонч ҳосил қилишдан иборатдир.
Хариддан олдин нималарни текшириш керак?
Аввало, иситиш ускунаси хонадоннинг шароити ва мавжуд муҳандислик тармоқларига мос келиши лозим.
Электр иситгич харид қилаётганда унинг қуввати, электр энергияси сарфи, қизиб кетишдан ҳимоялаш тизими, электр симлари ва уланиш қисмларининг сифатига эътибор бериш зарур. Ускунанинг техник паспорти, ишлаб чиқарувчиси ва кафолат муддати ҳақида маълумот олиш керак.
Газда ишлайдиган қозон ва иситиш печларини танлашда эса уларнинг техник хусусиятлари, қайси турдаги ёқилғига мўлжаллангани, хавфсизлик автоматикаси мавжудлиги ва ишлаб чиқарувчи белгилаган ўрнатиш талабларини ўрганиш муҳим. Хусусан, газ қозонларида тутун чиқариш ва ҳаво киритиш тизимлари ускуна моделига мувофиқ бўлиши, тегишли махсус материаллардан фойдаланилиши лозим.
Кўмир ва ўтинда ишлайдиган печларни харид қилишда уларнинг конструкцияси, металл ва пайвандлаш сифати, эшиклари, ёпқичлари ҳамда мўрига уланиш имкониятларини текшириш мақсадга мувофиқ.
Барча ҳолатларда харидор маҳсулотнинг фойдаланиш йўриқномаси, техник ҳужжатлари, кафолат шартлари ва сотувчи ҳақидаги маълумотларни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Арзон товар ҳар доим ҳам тежамкор харид эмас.
Амалиётда айрим истеъмолчилар иситиш ускуналарини бозордаги энг арзон таклифлар асосида ёки ижтимоий тармоқлардаги эълонлар орқали харид қилишади. Бунда маҳсулотнинг келиб чиқиши, ишлаб чиқарувчиси, сифати ва кафолат шартлари етарлича ўрганилмайди.
Аслида, харидор сотувчидан товарнинг асосий хусусиятлари, ишлаш тартиби, энергия ёки ёқилғи сарфи, хизмат кўрсатиш шартлари ва мавжуд чекловлар ҳақида тўлиқ ҳамда ишончли маълумот олишга ҳақли.
Товарнинг нархи арзон бўлиши унинг сифатсизлигини англатмайди. Бироқ ҳужжатсиз, техник тавсифлари номаълум ва ишлаб чиқарувчиси аниқ кўрсатилмаган маҳсулотни харид қилиш истеъмолчи учун ортиқча таваккалчилик туғдиради.
Шунингдек, товарни етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматлари алоҳида ҳақ эвазига бажариладими, кафолат қайси ҳолатларга татбиқ этилади, бу ҳақда хариддан олдин аниқ келишиб олиш керак.
Нуқсонли товар харид қилинса, истеъмолчи қандай ҳуқуқларга эга?
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, истеъмолчи тегишли сифатдаги товарни харид қилиш, товар ва унинг хусусиятлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
— товарни айнан шундай марка ва моделдаги сифатли товарга алмаштиришни;
— товарни бошқа марка ёки моделдаги товарга тегишли қайта ҳисоб-китоб асосида алмаштиришни;
— товардаги нуқсонларни бепул бартараф этишни;
— товар нархини мутаносиб равишда камайтиришни;
— қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда шартномани бекор қилиб, тўланган маблағни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Бунинг учун истеъмолчи, аввало, сотувчига ёзма мурожаат қилиши, нуқсонни фото ёки видео орқали қайд этиши ва харидни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаши мақсадга мувофиқ.
Товарни ўрнатиш ёки монтаж қилиш хизмати сифатсиз бажарилган бўлса, хизмат кўрсатувчи ташкилотга нисбатан ҳам қонуний талаблар қўйиш мумкин.
Масалан, газ қозонини ишлаб чиқарувчи талабларига зид равишда ўрнатиш, электр ускунаси учун талабга жавоб бермайдиган уланиш воситаларидан фойдаланиш каби ҳолатлар хизмат сифати ва хавфсизлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.
Муҳим жиҳати шундаки, истеъмолчи нуқсонни бартараф этиш баҳонасида хавфли ускунани ўзбошимчалик билан таъмирлашга уринмаслиги керак. Бундай ишларни тегишли мутахассисларга топшириш зарур.
Сифатли хизмат ва хавфсиз фойдаланиш ҳам истеъмолчи манфаатидир.
Иситиш ускунасини харид қилиш билан боғлиқ муносабатлар фақат сотувчи ва харидор ўртасидаги олди-сотди билан чекланмайди. Ускунани ўрнатиш, созлаш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнларида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқлари таъминланиши шарт.
Хизмат кўрсатувчи ташкилот бажариладиган ишнинг хусусиятлари, нархи, муддати ва кафолат шартлари ҳақида олдиндан маълумот бериши, ишни белгиланган техник талабларга мувофиқ бажариши лозим.
Истеъмолчилар эса газ, электр ва қаттиқ ёқилғида ишлайдиган иситиш воситаларини ишлаб чиқарувчи йўриқномасига мувофиқ ишлатиши, вентиляция ва дудбурон тизимларини тўсиб қўймаслиги, зарур техник кўрик ва хизматларни ўз вақтида ташкил этиши керак.
Ис гази ва табиий газдан огоҳлантирувчи сигнализаторлардан фойдаланиш ҳам хонадонда хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Бундай қурилмаларни танлашда уларнинг вазифаси, аниқлайдиган газ тури, техник хусусиятлари ва ишлаш муддатига эътибор бериш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, қиш мавсумига тайёргарлик фақат иситиш ускунасини харид қилишдан иборат эмас. Бу жараёнда истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши, сифатли товар ва хизматни талаб қилиши, харид ҳужжатларини сақлаши ҳамда хавфсизлик талабларига амал қилиши муҳим.
Зеро, ҳуқуқий саводхон истеъмолчи — ўз маблағини, оиласининг осойишталигини ва саломатлигини ҳимоя қила оладиган истеъмолчидир.
Аҳроржон Рахмоналиев,
ЎИҲҲҚЖ Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашма раиси.