Ўзбекистонда вазирлик раҳбарлари номидан очилган сохта аккаунтлар ҳақида огоҳлантириш берилди

Сўнгги кунларда сохта Telegram аккаунтлар очилиб, улар орқали тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимларига турли хил мазмундаги хабарлар тарқатилмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги огоҳлантириш билан чиқди.

Айрим ҳолатларда ишчиларга гўёки шахсий маълумотлар ноқонуний тарқатилгани юзасидан ички текширув ўтказилаётгани, яқин вақт ичида ўзини масъул ташкилот ходими сифатида таништирувчи шахс боғланиб саволлар бериши ҳақида асоссиз хабарлар юборилган.

Ижтимоий тармоқлар орқали келаётган, расмий гуруҳларга алоқадор бўлмаган мурожаат ёки топшириқларга эҳтиёткор бўлиш, уларнинг ҳаққонийлигини текшириш, шубҳали аккаунтларга ҳушёр бўлиб, шахсий ёки хизматга оид маълумотларни тақдим этмаслик сўралди.