Фуқаро ўзига белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланишида амалий ёрдам кўрсатилди

Маълумки, Солиқ кодексига асосан таълим контракти тўловини иш ҳақи ёки бошқа даромадлардан амалга оширган шахс солиқ имтиёзларига эга бўлиши белгиланган. Бунда фуқароларнинг ОТМларда таълим олиш учун ажратилган даромадлари солиққа тортилмайди. Имтиёздан фарзандлари шартнома асосида ўқийдиган ота-оналар, турмуш ўртоқлари шартнома асосида ўқийдиган шахслар, расман ишлаётган талабалар фойдаланишлари мумкин. Лекин ушбу имтиёз ва ундан фойдаланиш йўл-йўриқларини барча фуқаролар билмаслиги мумкин.

Учкўприк туманилик С.А.нинг фарзанди Ж.С. контракт тўловлари учун тўлаган пул суммаси учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёзлардан фойдаланиши ва имтиёзлар доирасида белгиланган пул суммасини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати ўрганилди. Истеъмолчи мурожаатида 2024 йилнинг сентябр, 2025 йилнинг октябр ва декабр ойларида фарзанди таълим контракти тўловларини амалга оширганлигини маълум қилади.

Ўрганиш ишлари доирасида фуқаро томонидан амалга оширилган тўловлар Асакабанк АЖ Қўқон филиалидан олинган маълумот асосида тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ хизмати органларининг «Электрон солиқ хизматлари» порталига белгиланган тартибда киритилишига ҳамда имтиёзлар асосида ҳисобланган 714 000 сўм пул маблағини фуқаро С.А.нинг банк картасига қайтарилишига эришилди.

Сардор Мирзажонов, жамият раиси.