2024 йилда Фарғона вилоятида инвестициялар, экспорт ва савдо йўналишида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилдаги режа ва вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Нуриддин Мамажонов оммавий ахборот  воситалари вакиллари ва блогерларга вилоятнинг инвестицион салоҳияти, лойиҳалар ҳамда олиб борилган ишлар ва келгусидаги вазифалар бўйича маълумот берди.

Фарғона вилоятидаги қулай инвестициявий муҳит натижасида хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган йилда умумий қиймати 1,8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди, 1,1 мингта истиқболли лойиҳа ишга туширилди, натижада 36 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.

— Жанубий Кореянинг Чунгчонгнам-до вилоятида Фарғона инвестициялар ва савдо ваколатхонаси очилди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов. — Ҳамкорлик натижасида бугун вилоятга инвестиция киритаётган мамлакатларнинг умумий сони 29 тага етди, қўшма ва хорижий корхоналар 800 дан ошди. Хорижлик ҳамкорлар ва салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар туфайли 6 миллиард долларлик 1,5 минг лойиҳа пакети шакллантирилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятимизда янги саноат зоналари учун жами 1 641 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бу имконият натижасида 2025 йил вилоят учун хорижий инвестицияларни жалб этишда энг самарали йил бўлади.

2025 йилда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилган бўлиб, 6 млрд. доллар миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини бошлаш, 1,2 мингта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 44 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, шу билан бирга, 1,5 млрд. доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортини амалга ошириш, 3,7 млрд. доллар миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда 49 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.