Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2024 йилдаги 897-сон қарори билан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда «ижтимоий карта» тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Президентнинг 18.07.2024 йилдаги ПҚ-267-сон қарорига мувофиқ «Ижтимоий карта» ахборот тизимини жорий этиш орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнлари босқичма-босқич автоматлаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий картаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидаги тартибларни белгилайди:
● ижтимоий карталарни муомалага чиқариш, фойдаланиш учун тақдим этиш;
● ижтимоий карталарни алмаштириш, тўхтатиб туриш ва тугатиш;
● «Ижтимоий карта» ахборот тизими маълумотлар базасини юритиш.
«Ижтимоий карта» АТ маълумотлар базаси Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан фуқаролар ва давлат органлари тақдим этган маълумотлар, шу жумладан биометрик маълумотлар асосида шакллантирилади ва юритилади.
Ижтимоий картани молиявий агент сифатида иштирок этувчи республиканинг резидент тижорат банклари тақдим этади.
Ижтимоий картани бериш ва ундан фойдаланиш учун аризалар қуйидагилар орқали мурожаат қилиш йўли билан топширилади:
● ЯИДХП;
● «Ижтимоий карта» мобил иловаси;
● «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари;
● молиявий агентлар.
Жисмоний шахсларга ижтимоий карта бериш бўйича банк хизматлари учун тўлов БҲМнинг 10 фоизидан ошмаслиги керак. Ҳужжатда ижтимоий карта уч иш куни ичида бепул бериладиган шахслар рўйхати келтирилган.
2025 йил 1 февралдан ижтимоий карталарни муомалага чиқариш ва фойдаланишга тақдим этиш масалалари бўйича «1070» – «Ишонч телефони» синов тартибида ишга туширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 28 декабрдан кучга кирди.