Газ идораси истеъмолчига бир миллион сўм маънавий зарар тўлайдиган бўлди

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчи Ш.Т.нинг манфаатини кўзлаб, унга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан киритилган даъво аризаси кўриб чиқилди. Ишни судда кўрилиши якунларига кўра, истеъмолчи Ш.Т. зиммасига юклатилган ассосиз қарздорлик суммасини бартараф қилиш ва унга етказилган маънавий зарар учун 1 000 000 сўм ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Федерациянинг Фарғона туман жамияти мутахассислари томонидан истеъмолчининг туман жамиятига қилган мурожаати ўрганилганда, туман газ идораси абонентга нисбатан жорий йилнинг феврал ойида 4 012 000 сўм қарздорлик ҳисоблагани, истеъмолчининг газ идорасига қилган мурожаати ортидан ушбу сумманинг 2 681 217 сўм қисми асоссиз қарздорлик деб эътироф этилиб, хатловга олингани, қолган 1 140 608 сўмини эса тўлаш мажбурияти юклатилгани маълум бўлганди. Ўтказилган ҳисоб-китоблар истеъмолчининг тўловларни амалга ошириб борганини, юқоридаги қарздорлик суммаларининг асоссизлигини кўрсатганидан кейин судга даъво ариза киритилганди.

Суд қарори билан «Ҳудудгаз Фарғона» ГТФ Фарғона туман бўлимининг истеъмолчи Ш.Т.га нисбатан 09.02.2024 йил кунидаги 041-сонли далолатномага асосан 4 012 000 сўм қарздорлик ҳисоблаш, 28.02.2024 йил кунги 5-сонли жавоб хати билан 1 340 608 сўм қарздорлик ҳисоблаш қонунга хилоф ва ҳақиқий эмас деб топилиб, газ идораси зиммасига истеъмолчи Ш.Т.дан қарздорликни чиқариш ва унга етказилган бир миллион сўм маънавий зарарни қоплаб бериш юклатилди.

Умидахон Жамолова, туман жамияти мутахассиси.