“Ташаббусли бюджет” жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Олий Мажлис Сенати кенгаши қарори эълон қилинди.
Унга кўра, мажбурий овоз тўплашга жалб қилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича жиддий чоралар кўрилиши белгиланмоқда. Жумладан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги овоз бериш жараёнларида бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш ҳолатларини қайд этиш бўйича “қайноқ линия” қисқа рақамини ишга туширади.
Овоз бериш жараёни давомида фуқаролар томонидан шикоятлар келиб тушса, тегишли туман (шаҳар) Халқ депутатлари Кенгашига тақдимнома юборилиши ҳамда ҳолат ўз тасдиғини топганда мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни овоз бериш босқичидан четлатиш ёки ғолиблар рўйхатидан чиқарилиши белгиланди. Шунингдек, мажбурий овоз беришга жалб этиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида овоз бериш босқичи муддати 10 кунга камайтирилди.
Барча маҳаллалар учун ғолиб бўлиш имкониятини яратиш мақсадида ташаббусли бюджет доирасида сўнгги мавсумларда кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳаллалар (ташкилотлар) учун навбатдаги иккита мавсум доирасида лойиҳа киритиш имконияти чекланади.
Лойиҳаларнинг амалга оширилишини доимий назорат қилиб бориш ва мониторингини кучайтириш мақсадида “Очиқ бюджет” ахборот порталида сайёр мониторинг бўлими ишга туширилади.