Сўнгги кунларда интернет, ижтимоий тармоқларда акциялар, товарларнинг келишилган миқдорини сотиб олиш шарти билан тақдим этиладиган чегирмалар, мавсумий чегирмалар ташкил қилингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бунда кўпинча муайян ҳолатга чегирмалар (компаниянинг йиллиги, миллий байрам ва бошқалар) кенг қўлланилади.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, айрим йирик савдо тармоқлари фойда олиш мақсадида кўпинча харидорлар билан турли хил манипуляцияларга киришиши, масалан, дастлаб таклиф қилинадиган товарларнинг нархлари иложи борича ҳаддан ташқари ошириб юборилиши, сўнгра уларнинг нархи ҳақиқий нархигача туширилиши мумкин. Бунда харидорлар томонидан чегирмали товарларни харид қилиш орқали уларда фойдали харид хаёлини келтириб чиқариш мумкин.
“Одатда кўпинча, байрамлар олдидан йирик савдо марказлари ва дўконлар товар нархларини кескин кўтариши, кейин эса чегирмалар эълон қилиш орқали гўёки, товар нархларини кескин туширилгани тўғрисида рекламалар берилади, ҳақиқатда эса чегирмадаги товар нархи эски нархдаги ҳолатига қайтариб, гўёки 20-30 фоиз чегирмалар қўлланилгандек тақдим этилади”, — дейилади қўмита хабарида.
Шу сабабли қўмита товар ва маҳсулотларни чегирма билан сотиш ҳолатларига эътиборлироқ бўлиш, товарларни сотиб олишдан олдин унинг сифати ва нуқсонсиз эканлигини текширишни унутмасликка чақирди.
“Ҳурматли истеъмолчилар, Сиздан товарларни чегирма билан харид қилишда тўсиқ ва муаммолар ёки нотўғри ва ишончсиз рекламаларни тарқатиш ҳолатлари кузатилган тақдирда қўмита ишонч рақами орқали (1159) мурожаат қилишингиз сўралади”, — дейилади хабарда.