Мазкур жараён уч босқичда олиб борилади. Биринчи босқич – тайёргарлик палласи бўлиб, 2-3 йилга яқин вақт давом этади. Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилади, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқилади ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Яна бир муҳим вазифалардан бири, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунтларининг схематик режаларини ва маъмурий туманлар хариталарини тайёрлаш ҳамда уйларнинг рўйхатини тузиш ҳисобланади. Бунда маҳалла, қишлоқ ва овулларнинг чегаралари, кўчаларда ном белгиларининг ўрнатилганлиги, турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони ҳамда уйларнинг рақамланганлиги аниқлаштириб олинади.
Бошқача айтганда, рўйхатга олиш баробарида республиканинг янги мукаммал харитаси яратилади. Фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтиб бўлган биноларни белгилаб олиш ва тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат обектлари қуриш ва таъмирлаш масалаларига аниқлик киритиш мумкин бўлади.
Тайёргарлик босқичида аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологияси ишлаб чиқилади.
Бу ишга кимлар ва қай тартибда жалб этилади?
Рўйхатга олувчиларни танлаш муҳим масалалардан биридир. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айнан улар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга турли ёшдаги ва касбдаги шахслар жалб этилиши мумкин. Биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги ва унинг ҳудудий органлари ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори босқич талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, шунингдек, бошқа тоифадаги шахслар ҳам, улар мазкур жараёнда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, жалб қилиниши мумкин.
Алишер АБДУРАЗАКОВ, Фарғона вилояти статистика бошқармасининг “Рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва уни ўтказиш” бўлими бошлиғи.