Нуқсонли чиққан гўштмайдалагич янгисига алмаштирилди

— Мен Фарғона шаҳридаги «Quvonch» кредит савдо дўконидан 900 000 сўмга Mega русумли кўп функцияли гўшт майдалагич харид қилдим. Уни уйга олиб келиб биринчи марта ишлатишим жараёнидаёқ гўшт мадалагичнинг ички пичоқлари ва пластик қисми ўз-ўзидан синиб қолди. Бу борада дўконга қилган мурожаатим ижобий ечим топмасдан келмоқда, — дейди Фарғона тумани «Аввал» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи истеъмолчи Д.К. ёзма мурожаатида.

Мурожаат тегишлилиги бўйича Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида истеъмолчи аризасида келтирилган важлар исботини топди. Қолаверса, дўкон масъулларига амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан ўтказилган тушунтириш ишлари ҳам ўз натижасини кўрсатди. Ўрганиш ишлари якуни билан эса истеъмолчи Д.К. томонидан харид қилиниб, кейинчалик нуқсон чиққан гўштмайдалагич худди шу русумдаги мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди.

— Менинг Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатим тез муддатларда ижобий ҳал этиб берилиб, дўкон ходими гўштмайдалагични янги мақбул сифатдагисига алмаштириб берди. Шаҳар жамияти ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди Д.К. мурожаатини ўрганиш якунлари бўйича шаҳар жамиятига берган миннатдорчилик хатида.

Усмонжон Рузиев, шаҳар жамияти бош мутахассиси.