Қува туманида яшовчи фуқаро Н.З нинг ҳаракатлари ва унинг боласини сотиш ҳақидаги гаплари ён атрофдагиларда шубҳа уйғота бошлади. Натижада бу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан назоратга олиниб, тегишли тартибда тезкор тадбир ўтказилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қува тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Қува тумани Деҳқон бозори олдида Н.З. 2023 йилда туғилган қизи И.З.ни “махсус харидор” М.А.га 900 АҚШ долларига сотаётган пайтда қўлга олинди.
Фарзанди ва Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси, шунингдек, келгусида фарзандига даъво қилмаслиги ҳақидаги ўзининг тилхати воқеа жойида ашёвий далил сифатида асос қилиб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Н.З.га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилгач, жиноят ишлари бўйича ўтказилган суд мажлисида Н.З. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилди ва унга нисбатан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Муроджон ЭРГАШЕВ,
Фарғона вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси, капитан.