Фарғона вилоят Статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2023-йилнинг январь-сентябрь ойлари ҳолатига вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 млрд. 487,9 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 77,9 млн. АҚШ долларига ёки 5,0 %га камайди. Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 523,5 млн. АҚШ долларига ва импорт ҳажми 964,4 млн. АҚШ долларига етди. Ҳисобот даврида — 440,9 млн. АҚШ доллари қийматида манфий ташқи савдо баланси қайд этилди.
Бугунги кунда Фарғона вилояти жаҳоннинг 77 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Шундан энг юқори улуш Россия Федерациясида 400,9 млн. АҚШ доллари, шунингдек Хитой Халқ Республикаси билан 348,8 млн., Қозоғистон билан 168,4 млн., Туркия билан 70,1 млн., Қирғиз Республикаси билан 85,0 млн., Афғонистон билан 35,0 млн. ва Тожикистон билан 31,4 млн. АҚШ доллари миқдорида ташқи савдо айланмаси қайд этилган.
Вилоят ташқи савдо айланмаси таркибида энг юқори улушни Қўқон шаҳри (285,0 млн. АҚШ доллари), энг қуйи улушни эса Ёзёвон тумани (4,4 млн. АҚШ доллари) ташкил этди.
Ҳисобот даврида вилоятнинг экспортёрлари сони 675 тани ташкил этиб, улар томонидан 523,5 млн. АҚШ доллари қийматидаги товар ва хизматлар экспорт қилиниши таъминланди, лекин ушбу кўрсаткич 2022-йилнинг мос даврига нисбатан 18,2 % га камайган. Импорт ҳажми эса 964,4 млн. АҚШ долларини ёки 2022-йилнинг мос даврига нисбатан 104,2 % ни ташкил этди. Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари — 356,4 млн. АҚШ доллари, саноат товарлари — 212,6 млн. АҚШ доллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик хайвонлар — 156,4 млн. АҚШ доллари ҳисобига тўғри келди.