Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона шаҳар Феруз кўчасида яшовчи фуқаро Д. М.нинг буюртмани талаб даражасида бажарилмагани сабабли сотувчига қўйган талаби ижроси пайсалга солиб келинаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Фуқарони маълум қилишича, унинг томонидан «Қумтепа буюм бозори»да жойлашган савдо дўконига 4 240 000 сўм пулни олдиндан тўлаш йўли билан буюртма қилинган гилам сотувчи вакили томонидан хонадонига кейинчалик етказиб берилганида, гиламнинг ўзи танлаб, буюртма қилган ранг, фасон ва сифатдагидан фарқ қилишини кўриб, ўша вақтни ўзида товарни сотувчига қайтариб юборган. Сотувчи билан боғланиб, ўз эътирозларини билдирганида эса, ундан у танлаб буюртма берган ранг ва фасондаги гиламдан тугаб қолгани тўғрисида жавоб олган. Истеъмолчининг ушбу ҳолда пулини қайтарилиши бўйича талабига эса, қачонки гилам бошқа харидорга сотилсагина пул унга қайтарилиши маълум қилинган.
Юзага келган ҳолатда истеъмолчи олди-сотди жараёнида товарнинг пулини тўлаб, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун 8-моддасида кўрсатиб ўтилган мажбуриятини адо этган. Лекин сотувчи томонидан мазкур модда бўйича унги юклатилган мажбурият, яъни истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбурияти тўлақонли адо этилмаган. Шунингдек, сотувчи истеъмолчининг қонун 13-моддасидаги нормалардан келиб чиқиб, ўзига сотилган нуқсонли товар (шартнома шартларига номувофиқ бўлган товар)ни қайтаргани ҳолатида қонуннинг 16-моддаси билан унга нисбатан юзага келадиган мажбурият (шартнома бекор қилиниши ортидан пулни қайтариш)ни бажаришни ҳам пайсалга солиб келган.
Қонунчиликнинг юқоридаги талаблари мурожаатни жамият мутахассислари томонидан ўрганиш давомида юзма-юз учрашув жараёнида сотувчига тушунтирилди. Шунингдек унга Қонун талабларини бажармаслик оқибатида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар бўйича ҳам тушунчалар берилди. Ўрганиш ишлари якуни билан эса сотувчидан истеъмолчининг 4 240 000 сўм пули қайтариб олиб берилди. Ўзини бир неча кун давомида қийнаб келган муаммо тез ва самарали ҳал қилиб берилганидан хурсанд бўлган истеъмолчи Федерациянинг барча жонкуяр ходимларига ёзма равишда ўз ташаккурини изхор қилди.
Муҳаммадазиз Исақов, шаҳар жамияти бош мутахассиси.