ФУҚАРО КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШИ МУМКИНМИ?

Сўнгги йилларда мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд ишлари юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишда ҳам кўриш мумкин.

Янги қонунга кўра агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг мурожаати, шунингдек фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг шикоятлари Конституциявий судда ишларни кўриш учун асос бўлади. Конституциявий судга мурожаат ёзма ёки электрон шаклда юборилади. Электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Мурожаатда:

  • Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, у эълон қилинган манба, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва қонунининг шарҳ берилиши лозим бўлган қоидалари;

  • мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари;

  • қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантириш;

  • мурожаат қилувчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери, почта манзили ёки яшаш жойи, вакил ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно;

  • илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Мурожаатда мурожаат қилувчи ишни ҳал этиш учун зарур деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Хулоса ўрнида жамиятимизнинг ҳар бир жабхасида “Инсон қадрини улуғлаш”ни таъминлашга хизмат қилади. Шу сабабли қонунларимиз аввало инсонларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган бўлиб, ушбу қонундаги имкониятлардан барчамиз оқилона фойдаланишизимиз даркор.

Сардорбек АБДУСАТТОРОВ,

Наманган вилояти Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг раиси;

Акмал АБДУСАЛОМОВ,

туман судининг девонхона мудири.