2022 йил 30 май – 3 июнь кунлари Германиянинг Шпайер шаҳрида GIZ (Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти)нинг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш” дастури томонидан Германия давлат бошқаруви илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Маъмурий тартиблар ва жараёнлар ҳуқуқий ҳимоя тизимида давлат назоратини модернизация қилишнинг зарурий шарти сифатида” мавзусида халқаро конференция ташкил қилинди.
Тадбирда Германия давлат бошқаруви илмий-тадқиқот институти директори проф. Ян Зиков, GIZ дастури экспертлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси судлари судьялари иштирок этдилар.
Конференция давомида экспертлар Германия, Латвия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг маъмурият томонидан ҳаракат эркинлиги ва баҳо бериш эркинлиги, маъмурий ҳужжат ва маъмурий ҳужжатларнинг ноқонунийлиги ёки ҳақиқий эмаслиги ва шубҳасизлиги ҳамда маъмурий суд ишларини ҳал этиш услубияти каби масалалар бўйича тажрибасини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Иштирокчилар юқоридаги масалаларни такомиллаштириш ва ўз мамлакатлари амалиёти юзасидан самарали фикр алмашдилар.
Ўзбекистон Республикаси муъмурий судлари вакиллари хизмат сафари давомида Германия Федератив Республикаси маъмурий судлов қонунчилиги, маъмурий судларининг тизими ва бу йўналишдаги суд амалиёти билан танишдилар.
Хусусан, Германия Федератив Республикаси Aсосий қонунининг судларни ташкил этиш ва судялар фаолияти тамойилларига бағишланган махсус бўлимида одил судлов ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари масалаларига муҳим ўрин берилган.
Германия Федератив Республикаси Конституцияси Германияда доимий яшовчи барча шахсларнинг қонун олдида тенглигини эълон қилади, уларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини, шу жумладан давлат ҳокимияти органларининг ўзбошимчаликларидан, суд органлари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Ҳар бир шахс судда ўз сўзини айтиш ҳуқуқига эга, айбсизлик презумпцияси, судлар ва судяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципи, шунингдек, бир қатор бошқа қоидалар белгиланган.
Қонунга риоя этилишининг кафолати ҳам мустақил судларнинг кўп босқичли иерархияси ҳисобланади.
Германияда суд тизими тармоқ асосида ташкил этилган. Судлар умумий юрисдикция судлари ва ҳуқуқнинг турли соҳаларига ихтисослашган судларга бўлинади.
Умумий юрисдикция судларининг фаолият доираси қуйидагиларга бўлинади:
фуқаролик (Зивилречт);
жиноий (Страфречт).
Судларнинг таркиби ва суд жараёнининг тафсилотлари юрисдикцияга қараб фарқ қилади.
Умумий юрисдиксия судларидан ташқари ҳуқуқнинг турли соҳаларига ихтисослашган судлар ҳам мавжуд. Жумладан, меҳнат, ижтимоий, оила, маъмурий, молиявий, интизомий, конституциявий ва бошқалар.
Германия Федератив Республикаси маъмурий судлов фаолиятининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги ПҚ-107-сонли қарори ижроси юзасидан “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани муносабати билан Фарғона вилоят маъмурий суди томонидан қуйидаги таклиф ва мулоҳазалар билдирилади.
Жумладан, ташкилий ҳуқуқий масалалар бўйича, Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий судлов ҳайъати фаолиятини ихтисослаштириш мақсадида, маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари билан боғлиқ оммавий ҳуқуқий низолар; шунингдек, маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш билан боғлиқ оммавий ҳуқуқий низоларни кўрадиган судлов ҳайъати ташкил қилиш;
Суд томонидан моддий-ҳуқуқ нормаларини қўллаши масалалалари бўйича, суд маъмурий ишни кўраётганида низоли муносабатни тартибга солувчи қонунларни адолат нуқтаи назаридан қўлланилиши, суднинг қарори энг аввало, ижтимоий адолат ўрнатишга қаратилишини тартибга солиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига “Адолатлилик принципи” қоидаларини киритиш;
Адолатлилик принципидан келиб чиққан ҳолда маъмурий орган ва унинг мансабдор шахсининг қонунга зид ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ёки қарори фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган тақдирда, суд томонидан ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласини ҳал қилиш;
Суд томонидан процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаши масалалари бўйича, маъмурий ишни судга тайёрлов босқичида судья томонидан тарафларга қабул қилиниши мумкин бўлган қарорнинг оқибатлари ва низолашаётган ҳуқуқий муносабатни қонуний ҳал қилиш усулларидан фойдаланишда судья томонидан тушунтириш бериш ваколатини киритиш;
Маъмурий суд ишларини юритишда тарафларнинг талабига асосан ишни халқ маслаҳатчилари (кўрилаётган низонинг мазмунига қараб юқори ҳаёти ва, касбий тажрибага ҳамда малакага эга бўлган шахслардан) иштирокида кўришни белгилаш;
Судьянинг қарорини юқори инстанцияларда бекор қилинишини салбий ҳолат сифатида баҳоланмаслигини белгилаш;
Судьяларни ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича, судьяларнинг ҳамда суд аппарати ходимларининг соғлигини тиббий суғурта қилиш тизимини яратиш, касалликка чалинган ёки даволанишга муҳтож судьяларни ва суд ходимларини даволаш харажатларини қоплаш ҳамда уларни бепул даврий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича тегишли механизмлар ишлаб чиқиш таклиф этилади.
Махаматов Дониёрхўжа Бахтиёрович, Фарғона вилоят маъмурий суди раиси