Бағрикенглик — барчанинг фикрини ҳурмат қилиш, одамларнинг эътиқоди ва қарашларига хайрихоҳ бўлиш, ҳаммани тўғри тушунишдир. Бағрикенгликни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда ҳур фикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик тинчликка йўл очади, урушларни тўхтатади.
Бизнинг юртимизда дин ва эътиқод эркинлиги таъминланган. Турфа миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Уларга яшаш, таълим олиш, ишлаш, тиббиёт хизматидан фойдаланиш каби ҳуқуқлар билан бирга ўз динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга сиғинмаслик ҳуқуқи ҳам берилган.
Фарғона вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибият мудириМўйдинжон Холматовнинг берган маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоятда 3819963 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 3427301 нафарини ўзбеклар ташкил этади. Тожиклар 223516, қирғизлар 75485, руслар 41102, украинлар 4806, корейслар 5661 нафардир. Шунингдек, озарбайжон, татар, яҳудий, белорус, қозоқ, грузин, молдован каби кўплаб миллатга мансуб аҳоли ҳам тинч-тотув яшаб келмоқда.
Вилоятда барча фуқароларнинг эътиқод эркинлиги ҳурмат қилинади. “Славянлар маданият маркази, Республика яҳудийлар миллий маданий маркази Фарғона бўлими, Татар жамоатчилик миллий маданий-маърифий маркази, тожик миллий маданий-маърифий маркази, Ўзбекистон корейс маданий марказлари ассоцияциясининг “Ревмир Лян” номидаги Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон немисларининг “Видергебурт” маданий маркази, Ўзбекистон қирғиз маданий маркази вилоят бўлими, турк миллий маданий маркази вилоят бўлими фаолият олиб бормоқда. 14 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқди. Уларнинг иккитаси Қўқон шаҳрида жойлашган.
Биз “Казанская икона Божией матери” православ черковига йўлни бир аёлдан сўраймиз. Суҳбатдошимиз самимий тарзда “Ҳа, русларнинг “масжидими” деб қандай боришимизни яхшилаб тушунтириб юборади. Маҳалланинг ичига кира бошлаймиз. Аҳолининг ҳовлилари билан девор-дармиён жойлашган черков қад ростлаб турибди. Секин ичкарига кирамиз. Бизнинг черков раҳбари Дмитрий Хабаров ва унинг ёрдамчиси Ядрига Карпович илиқ кутиб олади. Дастлаб бир она бола кириб ўз ибодатини қилиб, чиқиб кетди. Суҳбат давомида яна бир эркак киши ибодат учун келди.
Отец Дмитрий ибодатхона тарихи ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.
— 19 асрнинг охирларида тахминан 1895 йилда Қўқон шаҳрида Рус православ черкови қурилган. Бу черков шаҳарнинг энг гавжум жойи ва марказида яъни ҳозирги Худоёрхон ўрдасининг ортида бўлган. Аммо 1970-80 йилларда “дин афьюндир” шиори билан барча диндорлар ва диний объектлар бузилиб, одамлар диндан узоқлаштирилган пайтда черков ҳам бузиб ташланган. Кўпчилик ўша пайтларда фақат мусулмонларнинг масжидлари бузилган, ўрни оғилхоналарга айлантирилган деб ўйлайди. Йўқ. Барча дин вакилларига ўша пайтда қийин бўлган. Бу ибодатхона маҳалланинг ичида, аҳолининг уйи ўртасида жойлашганлиги учун негадир бузилмасдан қолган. Чунки кўзга ташланмайдиган жойда бўлган. Биламизки, 19 аср бошларида Қўқон шаҳрида маҳаллий аҳоли билан бирга, турли ҳудудлардан кўчиб келган бошқа динга эътиқод қилувчи кишилар аҳил-иноқ яшаган. То мустақилликкача черковга келиб диний маросим ўтказувчилар, ибодат қилувчилар сони анчагина эди. Сўнгра ҳамма бир-бир ўз тарихий ватанига кўчиб кета бошлади. Бугунги кунда шаҳарда ўзга динли аҳоли камайиб кетди. Айни пайтда иш кунлари 10-20 нафаргача, дам олиш кунлари 100 нафаргача одамлар келиб, ибодат қилиб кетишмоқда.
Черков Ўрдатаги кўчасида жойлашган. Кўча аҳолисининг 99 фоизи ўзбек ва барчаси ислом динига эътиқод қилади. Аммо бирор марта бу кўчада черков борлигидан, бу ерни ёпиш кераклиги ҳақида ҳеч қаерга мурожаат қилишмаган. Улар бошқа дин вакилларини эътиқодини, қарашларини жуда ҳурмат қилади. Ҳеч қачон ибодатларимизга тўсқинлик қилишмайди. Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳам бизнинг қарашларимизни ҳурмат қилиб, ибодат қилишимизга шароит яратиб берган, — дейди Дмитрий Хабаров.
— Ўтган ҳафтада биз сувга чўмиш маросимини ўтказдик, — дейди раҳбарнинг ўринбосари Ядвига Карпович. Бу маросимда сувга чўмиш орқали одам черков аъзоси бўлади. Имонлилар жамоасига қўшилади. Фақат сувга чўмилгандан сўнг у черковнинг бошқа барча маросимларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Сувга чўмиш одамнинг устидан сув қуйиш маросими бўлиб, унда руҳоний белгиланган дуоларни ўқийди. Отец Дмитрий январь ойининг иккинчи ҳафтасида сувга дуо ўқиб берди. Энди йил давомида истаган одам бу сувдан фойдаланиши мумкин. Биз шунингдек, бу ерда шанба ва якшанбалик ибодатлардан ташқари Пахса байрамини ҳам катта тантаналар билан ўтказамиз. Маҳалланинг бизга бўлган муносабати ижобий. Биз ҳам ўз навбатида мусулмонларнинг тўйларида, яхши кунларида, азаларида иштирок этамиз. Маҳалла аҳли билан аҳил-иноқ яшаймиз.
Ёш тарихчи олим Шоҳруҳ Жумаевнинг ёзишича, Фарғона вилоятида қадимдан турли этник гуруҳлар, турли эътиқод ва динлар тўпланган, яъни толерантлик юқори даражада бўлган. Бу ерда аҳоли буддавийлик, зардуштийлик, христианлик ёки айрим этник гуруҳларда шомонийлик динига ҳам эътиқод қилишган. Ислом дини кириб келгунга қадар ушбу динлар Фарғонада ўз тарафдорларига ва эътиқод қилувчиларига эга бўлган. Фарғона вилояти ҳудудида бугунги кунда учта Рус православ черкови, битта Рим католик черкови, битта Яҳудийлар жамоаси, иккита Евангел христиан-баптистлар черкови, битта Еттинчи кун адвентистлари черкови, битта Немис евангел-лютеранлар черкови, битта Новоапостол черкови, тўртта Тўлиқ инжил христианлари черкови фаолият олиб бормоқда. Фарғона вилоятидаги православ черковлар қурилиши асосан 4 та турга бўлинган. Умумжаҳон православ черковлари, ҳарбий черковлар, унча катта бўлмаган ибодат уйи, панеллар (асосан қабристонларда қурилган).
Умумжаҳон ва ҳарбий черковларнинг умумий архитектураси бир хил бўлган. Уларнинг барчаси режа бўйича тўғри тўртбурчак ва тўғри шарққа қараб йўналтирилган шаклда қурилган. Черковлар асосий ибодат қилиш хонаси, қурбонгоҳ, остида ертўласи ва устида қўнғироқ учун жой ажратилган бошқа хоналардан иборат бўлган. Қуббалар ва бутун том темир листлар билан ёпилган ва ёғли бўёқ билан бўялган. Черков анжомлари, икона ва баъзида қўнғироқлар ҳам Россиядан олиб келинган. Фақатгина Қўқон ва Наманган черковлари учун қўнғироқлар эски мис милтиқлар ва шунга ўхшаш анжомлар ёрдамида қуйиб тайёрланган.
Фарғона шаҳридаги “Сергей Родонежский” черкови 1952 йилдан бери фойдаланиб келинмоқда. Фарғонадаги ушбу черков 1930–1952 йилларда ўз фаолиятини тўхтатган бўлиб, унгача бўлган муддатда немис лютеран черкови бўлган. Таъмирлашдан кейин 1952 йилдан бошлаб янги ном билан фаолиятини бошлаган. Унинг 3 қаватли иконаси Троский черкови билан боғлиқ бўлиб, ушбу икона 1952–1954 йилларда Мария Соколовий томонидан яратилган. Черковда ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари диний ибодатлар амалга оширилади. Кунлик ибодатларда 80–100 нафаргача, байрам кунлари эса 100 нафардан кўпроқ ибодат қилувчилар черковга ташриф буюришади. Ҳозирда черковга Игор Ходиров раҳбарлик қилади.
Қувасой шаҳридаги “Авлиё Иоанн Кроншдатский” черкови 2002 йил 24 апрелда адлия рўйхатидан ўтказилган. Черков Қувасой шаҳар “Мустақиллик” кўчаси 21 уйда жойлашган. Ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари диний ибодатлар амалга оширилади. Кунлик ибодатларда 40 нафаргача, байрам кунларида эса 40 нафардан кўпроқ эътиқод қилувчилар черковга ташриф буюришади. Бугунги кунда черковга Валерий Вячеславович раҳбарлик қилади. Айни пайтда дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган хунрезликларнинг асосий қисми маърифатсизлик ва инсонларни диний эътиқодлари асосида ажратиш ҳамда камситиш натижасида келиб чиқмоқда. Шу боис, мамлакатимизда диний бағрикенглик муҳитини кенг ёйиш ва Ислом динининг асл инсонпарвар ғояларини тушунтириш ишларига алоҳида урғу берилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, юртимизда турли миллат ва элат вакиллари диний эътиқодидан қатъи назар, Ватан равнақи йўлида, тинч-тотув ва фаровон ҳаёт кечириш мақсадида бир тан-бир жон бўлиб, елкама-елка меҳнат қилмоқдалар.
Бошқа динга эътиқод қилувчи суҳбатдошларимиз серқуёш Ўзбекистон фарзанди эканликларидан, бу ўлкада тинчлик ва хотиржамликда яшаб, фаровон турмуш кечираётганликларидан хурсанд эканликларини баён қилишди.
“Бизнинг динимиз турфа, аммо мақсадимиз бир — тинчлик ва тотувлик, фаровонлик ва хотиржамлик, тараққиёт ва юксалиш” дейишди улар.