Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2021 йил 6 ноябрда бўлиб ўтган инаугурация маросимидаги нутқида мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилиши, бу борада қонун бузилиши мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳоланиши, шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланиб, давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланишини таъкидлаган эдилар.
Бугунги кунда мамлакатимизда ер билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий база яратилган.
Ислоҳотлар жараёнида бундай ҳужжатлар доимий янгиланиб, такомиллашиб бормоқда. Бу эса аҳолини қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлардан доимий бохабар бўлиб боришни талаб этади.
Кўпчиликни қизиқтирган савол: ер участкаларини электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича хусусийлаштириш ва ижарага олиш қандай тартибда амалга оширилади? Шу ҳақда сўз юритсак.
Ер участкаларини электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича хусусийлаштириш ва ижарага олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади.
“Давергеодезкадастр” қўмитаси органлари ерларни хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, бўш ер участкаларини “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳар ойнинг 5 ва 20-саналарида жойлаштиришни таъминлайди.
Жисмоний ва юридик шахслар “YERELEKTRON” ААТда аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.
“Давергеодезкадастр” қўмитаси органлари жисмоний ёки юридик шахснинг таклифи келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида қишлоқ жойларда турғун чакана савдо шаҳобчасини қуриш мўлжалланган ерлар бўйича уч иш куни ичида ер участкаси бўйича зарур материалларни кўриб чиқади ва тайёрлайди, натижаси бўйича таклиф этилган ер участкасини “YERELEKTRON” ААТга жойлаштиради ёки сабабларни кўрсатган ҳолда жойлаштиришни рад этади.
Қурилиш органлари ер участкаси тўғрисидаги маълумотлар “YERELEKTRON” ААТга жойлаштирилган кундан бошлаб беш иш куни ичида ушбу ер участкаси тўғрисида тегишли хулосани тайёрлайди.
Қурилиш органларининг хулосаси “YERELEKTRON” ААТга электрон шаклда киритилади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
Қурилиш органлари муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишнинг техник шартлари келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқади ва материалларни электрон шаклда “YERELEKTRON” ААТга киритади ҳамда уларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди ва бунда “YERELEKTRON” ААТ орқали ер участкасини танлаш материаллари автоматик режимда туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади.
Туман (шаҳар) ҳокимлиги ер участкасининг материаллари келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари билан келишилган ҳолда, ер участкасига инвестиция киритиш мажбуриятларини белгилайди.
Бунда ер участкасига мулк ва ижара ҳуқуқини инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан олиш тўғрисидаги олди-сотди шартномаси автоматик тарзда “YERELEKTRON” ААТ томонидан электрон шаклда шакллантирилади ва туман (шаҳар) ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Ер участкасига мулк ва ижара ҳуқуқи “YERELEKTRON” ААТ орқали ер участкасининг бошланғич нархи ва инвестиция мажбуриятлари белгилангандан сўнг автоматик равишда қўшимча қарорлар қабул қилинмасдан операторга юборилади.
Оператор ер участкасига мулк ва ижара ҳуқуқининг аукционга қўйилишига оид буюртма келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани савдо майдончасида жойлаштиради.
Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этишга доир буюртма:
— тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун – Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари томонидан;
— якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан берилади.
Аукционда иштирок этиш учун жисмоний ёки юридик шахслар оператор веб-порталида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.
Ариза тақдим этишдан аввал жисмоний ва юридик шахслар инвестиция мажбуриятлари шартномаси билан танишиши ва унинг шартларини қабул қилиши, лот ҳақидаги маълумотлар (ҳужжатлар) билан танишиши ва шахсий ҳисобрақамини ўзи танлаган лотнинг закалат пули миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлдириши лозим.
Аукционда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш хабарнома жойлаштирилган кундан бошланади ва аукцион ўтказилишидан олдинги кун соат 24-00 да якунланади ва операторнинг веб-порталида автоматик тарзда амалга оширилади. Қабул қилиш учун белгиланган муддат ўтгандан кейин келиб тушган аризалар қабул қилинмайди.
Лотнинг закалат пули унинг бошланғич нархининг 20 фоизи миқдорида белгиланади. Тегишли лот бўйича аукцион бошлангач, веб-порталда автоматик режимда аукцион бошланганлиги тўғрисидаги ахборот шакллантирилади ва эълон қилинади.
Аукцион операторнинг веб-порталидаги хабарномада кўрсатилган кун ва вақтда бошланади. Аукцион унга қўйилган икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилади. Аукцион иш куни мобайнида соат 9-00 дан 18-00 гача ўтказилади. Аукционни ўтказиш вақти 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин, аукцион ўтказиладиган кун соат 21-00 га қадар якунланиши лозим. Лот нархи бўйича охирги таклифни соат 21-00 га қадар билдирган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.
Тегишли лот бўйича аукцион ниҳоясига етгач, веб-порталда автоматик режимда аукцион тугаган вақти ва унинг натижалари тўғрисидаги ахборот шакллантирилади ва эълон қилинади.
Аукцион ғолиби аукцион якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай, лот қийматини тўлиқ тўлаши лозим. Бунда ушбу лот бўйича аввал тўланган закалат пули мол-мулк қийматига қўшиб ҳисобланади.
Агар ер участкасининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг баробаридан ортиқ бўлса, аукцион ғолиби аукцион натижалари тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб беш банк кунидан кечиктирмасдан, аукцион давомида белгиланган нархнинг эллик фоизи миқдорида аванс тўловини киритиш ҳуқуқига эга. Закалат пули аванс тўлови ҳисобига ўтказилади.
Электрон савдо майдончасида аукцион орқали ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сотишда ўрнатилган тартибда тўловларни амалга оширмаган тақдирда, ер участкасига бўлган ҳуқуқ инвестор (аукцион ғолиби)нинг харажатлари қопланмаган ҳолда бекор қилинади.
Оператор тўлов тўлиқ амалга оширилган кундан кейинги иш кунида, лот қийматининг QR-кодини (матрик штрихли код) қўллаш орқали аукцион натижалари тўғрисидаги электрон баённомани расмийлаштиради.
Баённома аукцион ғолибининг шахсий кабинетига, “YERELEKTRON” ААТ орқали туман (шаҳар) ҳокимлиги ва туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли филиалига юборилади.
Агар аукцион натижаларига кўра, аукцион ғолиби беш иш куни ичида лот қийматини тўлиқ тўламаса, оператор кейинги календарь кунидан кечиктирмай охиргидан олдинги таклифни билдирган аукцион иштирокчисига электрон шаклда у аукцион давомида таклиф этган нархда лот қийматини беш иш куни ичида тўлашни таклиф қилади.
Агар охиргидан олдинги таклифни билдирган аукцион иштирокчиси беш иш куни ичида лот қийматини тўлиқ тўласа, у аукцион ғолиби деб топилади.
Аукцион натижалари тўғрисидаги баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, ушбу ер участкасига мулк ва ижара ҳуқуқини аукцион ғолиби номига давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг филиали томонидан баённома келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида амалга оширилади.
Умуман олганда, ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш мамлакатимизда эркин иқтисодиёт ва соғлом рақобат муҳитини қарор топтиришга, айниқса, фуқароларда тадбиркорликка ишонч ва иштиёқ уйғотишга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.
С.Шокиров, Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси