2026-йил 9-январ куни Қозоғистон Президенти маълумотлар, рақамли активлар, биометрия ҳамда рақамли ҳукуматга оид нормаларни 106 та моддада ўзида жамлаган — дунёдаги илк ушбу турдаги ҳужжат бўлмиш Рақамли кодексни имзолади. Унга эришиш йўли уч йилдан ортиқ вақт олди ва бу жараён ҳали ҳам тўлиқ якунлангани йўқ: кодекс имзоланган бўлса-да, ҳали кучга киргани йўқ. Қўшни давлатдаги ушбу воқеа яна бир муҳим саволни кун тартибига олиб чиқмоқда: Ўзбекистонга ҳам шундай ҳужжат керакми ёки бизда мавжуд бўлган қонунчилик базаси етарлими?
Ушбу саволга жавоб бериш учун, энг аввало, бугунги кунда Ўзбекистонда рақамли соҳани айнан нималар тартибга солаётганини таҳлил қилиб олиш лозим — бу эса алоҳида ва унчалик содда бўлмаган масаладир.
Бугун Ўзбекистоннинг рақамли қонунчилиги нималардан иборат?
Бизда бутун рақамли соҳа учун жавоб берадиган ягона ва яхлит ҳужжат мавжуд эмас. Бунинг ўрнига — турли даврларда, турли ташаббускорлар томонидан ва ҳар хил мантиққа таяниб қабул қилинган қонунлар мажмуи амал қилмоқда.
«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонун пойдевор бўлиб қолмоқда — у узоқ 2003-йилда қабул қилинган ва ўшандан бери мунтазам равишда тўлдириб келинмоқда. Айнан ушбу ҳужжатга 2026-йилнинг январ ойида сунъий интеллектга оид нормалар киритилди: 2026-йил 21-январдаги ЎРҚ-1115-сонли Қонун сунъий интеллект тушунчасини мустаҳкамлади, инсон ҳуқуқларига дахлдор юридик аҳамиятга эга қарорлар фақатгина автоматлаштирилган тизимларнинг хулосалари асосида қабул қилиниши мумкин эмаслигини белгилади ҳамда сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда қайта ишлаш учун жавобгарликни жорий этди. Айтиш жоизки, бу муайян масалага тезкор муносабат билдиришнинг яққол намунасидир: депутатлар қонунчилик ташаббусининг биринчи ўқишдан (2025-йил август) ўтиб, Президент томонидан имзоланишигача (2026-йил январ) бўлган йўли ярим йилдан камроқ вақтни олди.
Паралел равишда 2019-йилда қабул қилинган алоҳида «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонун ҳам амал қилмоқда — яқиндагина, 2026-йилнинг февралида унга ҳам шахсга доир маълумотлар базаларини мамлакат ичида сақлаш шартлари ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартибини аниқлаштирувчи ўзгартишлар киритилди.
Ахборот хавфсизлиги масалаларини эса 2022-йилда қабул қилинган алоҳида «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Қонун тартибга солади. Унда ваколатли орган этиб Давлат хавфсизлик хизмати белгиланган — яъни ахборотлаштириш учун масъул бўлган Рақамли технологиялар вазирлигига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган идора.
Яна бир мустақил ҳужжат — 2022-йил таҳриридаги (2025-йилги тузатишлар билан) «Эски электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун бўлиб, у ўзининг алоҳида тушунчаларини жорий этади: «рақамли маҳсулотлар», «электрон савдо майдончаси», «ахборот воситачиси» — бу атамалар «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонундаги таърифлар билан ҳеч қаерда ўзаро боғланмаган.
Буларга электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунни, ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонунни ҳамда мутлақо алоҳида бир қатламни — қонунлар билан эмас, балки фармон ва қарорлар билан тартибга солиш амалиётини ҳам қўшиш лозим: масалан, крипто-активлар муомаласи Президентнинг 2018-йилдаги ПҚ-3832-сонли қарори билан тартибга солинади, сунъий интеллектдан фойдаланишнинг этик қоидаларини эса 2026-йил март ойида Адлия вазирлиги қонун шаклида эмас, идоравий ҳужжат сифатида рўйхатдан ўтказди.
Ушбу тизимда қаерда қарама-қаршиликлар (номувофиқликлар) юзага келмоқда?
Оддий рўйхатнинг ўзидаёқ кўриниб турибдики, Ўзбекистондаги рақамли соҳа камида еттита-саккизта турли қонунлар ҳамда ўнлаб фармонлар, қарорлар ва идоравий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Уларнинг ҳар бири ўз ваколатли органига, ўз тушунчалар аппаратига ҳамда ўз мантиқига эга.
Бунинг амалий оқибати — атама ва тушунчалардаги чалкашликдир. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунда «ахборот ресурси», «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунда «рақамли маҳсулотлар», сунъий интеллектга оид қонунда эса «сунъий интеллектга асосланган ахборот тизими» тушунчалари мавжуд, бироқ уларнинг ҳеч бири умумлашган битта хулосага келтирилмаган — умуман олганда, нимани «рақамли объект» деб ҳисоблаш керак ва у мол-мулкка кирадими-йўқми? Таққослаш учун — Қозоғистон кодексида бу аниқ белгилаб қўйилган: рақамли ёзувлар, ресурслар, тизимлар ва платформалар фуқаролик қонунчилиги татбиқ этиладиган мол-мулк деб тан олинади.
Бизда эса маълумотлар, дастурий таъминот ва рақамли активларнинг фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатидаги мақоми ҳеч қаерда бундай аниқ ва тўғридан-тўғри мустаҳкамланмаган.
Иккинчи оқибат — аҳамияти жиҳатидан ўхшаш бўлган масалаларнинг ҳар хил юридик кучга эгалигидир. Шахсга доир маълумотлар ва киберхавфсизлик парламент томонидан қабул қилинган қонунлар билан тартибга солинади. Крипто-активлар муомаласи эса Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг иштирокисиз ўзгартирилиши мумкин бўлган Президент қарори билан тартибга солинмоқда. Давлат 2030-йилга бориб бир миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилишни режалаштираётган соҳа учун қарор даражасидаги тартибга солиш бизнес ва фуқароларга қонун даражасидаги тартибга солишга қараганда камроқ ҳуқуқий кафолатлар беради.
Учинчиси — ҳуқуқий категория сифатида «рақамли ҳуқуқлар» деган қамровли тушунчанинг мавжуд эмаслигидир. У экспертлар ҳамда таълим муҳитида мавжуд (жумладан, ўзимиз тайёрлаган материалларда ҳам рақамли ҳуқуқлар шахсий дахлсизлик, тармоқда ўз фикрини эркин билдириш, улкан маълумотлар (Биг Дата) билан ишлаш ҳамда интеллектуал мулкни муҳофаза қилишни ўз ичига олишини бир неча бор тушунтирганмиз), бироқ қонунчиликда бундай умумлаштирувчи тушунча йўқ — фақат унинг соҳавий қонунлар бўйлаб тарқоқ ҳолда жойлашган алоҳида бўлакларигина мавжуд.
Шундай қилиб, кодекс керакми?
Бу ўринда Қозоғистон тажрибасига яна бир бор мурожаат қилиш жоиз — бироқ кўр-кўрона нусха кўчириш учун эмас, балки топшириқнинг қанчалик мукаммал ва мураккаб эканлигини англаш учун. Континентал ҳуқуқ тизимида кодекс — тартибга солиш усули жиҳатидан бир жинсли бўлган, етук ҳуқуқ соҳалари учун мўлжалланган шаклдир: фуқаролик ҳуқуқи тенг субъектлар ўртасидаги мулкий муносабатларни, маъмурий ҳуқуқ эса давлат ва фуқаро ўртасидаги ҳокимият муносабатларини тартибга солади. Рақамли соҳа эса ҳар иккисини ўзида мужассам этади: киберхавфсизлик — моҳиятига кўра оммавий ҳуқуқ, рақамли активлар муомаласи — хусусий ҳуқуқ, алгоритмик шаффофлик масалалари эса соҳавий тартибга солишдан кўра инсон ҳуқуқларига кўпроқ яқиндир. Ҳатто Қозоғистоннинг ўзида ҳам тайёргарлик босқичида ушбу соҳанинг кодификацияга тайёр эканлигига шубҳалар билдирилган эди — зеро, бу соҳа шиддат билан ўзгаришда давом этмоқда, бугун ёзилган қонун эса амалиётда мустаҳкамланиб улгурмасиданоқ эскириб қолиш хавфи мавжуд.
Ўзбекистон учун ҳозирги босқичда Қозоғистон моделини тўғридан-тўғри кўчириш бироз ошиқча қадамдек кўринади. Тизимимиз янги технологияларга нисбатан манзилли қонунлар орқали нисбатан тезкор муносабат билдиришга қодирлигини кўрсатиб бўлди — 2022-йилда киберхавфсизлик, ўша йилнинг ўзида электрон тижорат ҳамда 2025–2026-йилларда сунъий интеллект бўйича қабул қилинган ҳужжатлар бунинг тасдиғидир. Тўлиқ шаклдаги кодификация — йилларга чўзиладиган жараён бўлиб, ҳатто тўлиқ сиёсий ирода мавжуд бўлганда ҳам, Қозоғистон мисоли кўрсатганидек, қонун имзоланиши, аммо дарҳол кучга кириб кетмаслиги мумкин.
Бироқ кодексга ҳозирча эҳтиёж йўқлигини тан олиш — амалдаги ҳолат барчани қониқтрмоқда, дегани эмас. Парчаланганлик (фрагментация) шунчаки нейтрал факт эмас, балки аниқ ҳуқуқий хатарларнинг манбаидир: бир-бирига ўхшаш муносабатларнинг турлича даражада ҳимояланганлиги, рақамли ҳуқуқларнинг ягона таърифи йўқлиги, маълумотлар ва рақамли активларнинг ҳуқуқ объектлари сифатидаги мақоми ноаниқлиги ҳамда муҳим соҳаларнинг қонунлар ўрнига фармон ва қарорлар билан тартибга солинаётгани шулар жумласидандир.
Айнан ушбу парчаланганлик (фрагментация) ташхисини рақамли ҳуқуқ ҳамда сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича мутассис, ҳуқуқ фанлари доктори (PhD in Law)Анна Убайдуллаева ҳам қўймоқда — бироқ у урғуни бошқача беради: у киши учун кодекс тизимлаштиришнинг муқобили эмас, балки унинг мантиқий якунидир.
«Бугунги кунда Ўзбекистон учун Рақамли кодексни қабул қилиш масаласи ҳақиқатан ҳам ўз вақтида кўтарилмоқда. Бироқ, менинг назаримда, муҳокамани кодификация фактининг ўзидан эмас, балки унинг мақсадлари, мазмуни ва амалий қийматини белгилаб олишдан бошлаш лозим.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда рақамли муносабатларни тартибга солувчи етарлича кенг меъёрий база шаклланиб бўлган: ахборотлаштириш, шахсга доир маълумотлар, киберхавфсизлик, электрон тижорат, электрон ҳужжат айланиши соҳасидаги қонунлар, шунингдек, рақамли трансформация ва сунъий интеллектни ривожлантиришга бағишланган кўплаб қонуности ҳужжатлари амал қилмоқда. Шу билан бирга, тартибга солиш парчаланганча қолмоқда: нормалар қонунчиликнинг турли тармоқлари бўйича тақсимланган, бир жинсли бўлмаган терминология қўлланилади, маълумотлар, рақамли активлар, платформали иқтисодиёт ва сунъий интеллект технологияларини тартибга солишда ягона ёндашувлар мавжуд эмас.
Айнан шу сабабли, менинг фикримча, Ўзбекистонга Рақамли кодекс керак. Бироқ у амалдаги меъёрий ҳужжатларнинг механик бирлашмаси эмас, балки рақамли иқтисодиётни тартибга солишнинг ягона принципларини таъминлайдиган, тушунчалар аппаратини унификация қиладиган, мавжуд бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этадиган ҳамда рақамли технологияларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратадиган замонавий тизим ҳосил қилувчи ҳужжатга айланиши лозим.
Шу билан бирга, бундай кодекснинг қабул қилиниши рақамли қонунчилик комплек ислоҳотининг бошланғич нуқтаси эмас, балки мантиқий якуни бўлиши керак. Авваламбор, амалдаги нормаларни тизимлаштириш, соҳавий тартибга солишни уйғунлаштириш (гармонизация қилиш) ва рақамли ҳуқуқнинг яхлит концепциясини шакллантириш зарур.
Фақат шундагина Рақамли кодекс навбатдаги меъёрий ҳужжат эмас, балки инновацияларни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлатнинг рақамли суверенитети ва рақамли иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қодир бўлган стратегик ҳужжатга айланади».
Бошқача айтганда, бу ердаги баҳс кодекснинг умуман керак-керакмаслиги ҳақида эмас, балки уни ислоҳотнинг қайси босқичида қабул қилиш лозимлиги ҳақидадир: бошланғич нуқта сифатидами ёки унинг натижаси ўлароқми. Ҳар иккала позициядан келиб чиқадиган амалий хулоса битта — ишни кодекс матнидан эмас, балки аллақачон мавжуд бўлган ҳужжатларни тизимлаштиришдан бошлаш керак.
Ўзбекистон нимани амалга ошириши мақсадга мувофиқ?
— Крипто-активлар ва рақамли активларни тартибга солишни фармон ва қарорлар даражасидан қонун даражасига ўтказиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоясини қонуности ҳужжатлари эмас, балки барқарор қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;
— «рақамли ҳуқуқлар», «рақамли объект», «рақамли маълумотлар» тушунчаларининг ягона таърифларини жорий этадиган ҳамда соҳавий қонунларга уларни ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда қўллаш мажбуриятини юклайдиган рамка (асосий) қонунни — албатта кодекс бўлиши шарт эмас — қабул қилиш;
— Қозоғистон кодексида амалга оширилганига ўхшаш тарзда, маълумотлар, дастурий таъминот ва рақамли ёзувларнинг фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатидаги мақомини тўғридан-тўғри қонунчиликда мустаҳкамлаш;
— «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунда сунъий интеллект учун белгиланган — соф автоматлаштирилган (алгоритмик) қарорларга йўл қўйилмаслиги принципини ушбу қарорлар устидан шикоят қилиш механизмини назарда тутган ҳолда, автоматлаштирилган тизимларнинг янада кенгроқ доирасига татбиқ этиш;
— рақамли соҳанинг турли йўналишлари учун масъул бўлган идоралар — Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида уларнинг ҳужжатларидаги тушунча ва ёндашувлар бир-биридан фарқ қилмаслиги учун идоралараро координацияни (ҳамкорликни) йўлга қўйиш.
Ўзбекистонда рақамли ҳуқуқ ягона режа бўйича эмас, балки янги хатарлар ва технологияларнинг пайдо бўлиши баробарида ривожланди — бугун биз гувоҳи бўлаётган тафовутлар ҳам шундан келиб чиққан. Ушбу бўшлиқларни тўлдириш учун албатта битта катта кодекс шарт эмас. Бироқ уларни шундайлигича қолдириш — одамларнинг ҳуқуқлари ва маблағларига дахлдор масалаларда рақамли ҳуқуқларни қонунлар ўрнига яна фармон ва қарорлар орқали ҳал қилишда давом этишни англатади.
⇒ “Uzbekistan Digital Rights Media Initiative” (UDRMI) лойиҳаси Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг молиявий кўмагида Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази (MJDC) томонидан Legal Policy Research Centre (LPRC) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.