Барқарор ривожланиш — аҳоли фаровонлиги ва тенг имкониятлар гарови

Барқарор ривожланиш мақсадлари аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, муносиб бандликни таъминлаш ҳамда жамиятнинг барча қатламлари учун тенг имкониятлар яратишга қаратилган.

Мазкур мақсадларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигини ошириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва янги иш ўринлари яратиш орқали аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида «Юксалиш» ҳаракатининг Фарғона ҳудудий бўлинмаси томонидан Бешариқ, Данғара ва Қўштепа туманларида муносиб иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар ўрганилди. Ўрганиш жараёнида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда даромад манбаларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг амалий натижаларига эътибор қаратилди.

Ўрганиш натижалари халқ депутатлари туман Кенгашларининг доимий комиссиялари йиғилишларида муҳокама қилиниб, аниқланган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар масъул ташкилотларга тақдим этилди.

Мазкур саъй-ҳаракатлар ҳудудларда мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, аҳоли, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.