Экологик ҳуқуқбузарликлар учун жарималар оширилди

04.05.2026 йилдаги ЎРҚ-1143-сон Қонун билан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойжаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун молиявий санкциялар» боби билан тўлдирилди, унда юридик шахсларга қуйидаги жарималар назарда тутилган:

• дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ишларни бажариш тартибини бузганлик учун атроф-муҳитга етказилган зарар суммасининг уч баравари миқдорида;

• сув ресурсларини ифлослантирганлик, шунингдек оқова сувларни сув ҳавзаларига оқизишга рухсат бериш талабларини бузганлик учун атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация суммасидан ўн баравар ортиқ миқдорда;

• дарахтлар ва буталарни атроф-муҳитга етказилган зарар суммасидан беш баравар кўп миқдорда қонунга хилоф равишда кесиш, буташ, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириш;

• юридик шахсларга тегишли ҳудудда дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларга риоя этмаганлик учун атроф-муҳитга етказилган зарар суммасининг беш баравари миқдорида (дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо турларига нисбатан – зарар суммасининг ўн баравари миқдорида).

Бундан ташқари, атмосферага йўл қўйиладиган даражадан ортиқ ифлослантирувчи моддалар чиқарганлик учун қуйидаги юридик шахсларга:

  • атроф муҳитга таъсир кўрсатиш даражаси бўйича IV тоифага киритилган бўлса, атроф муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўлови суммасининг икки баравари миқдорида жарима кўринишидаги молиявий санкциялар қўлланилади;

  • III га – тўрт баравар;

  • II га – олти баравар;

  • I га – ўн баравар.

Шунингдек, қуйидагилар бўйича талабларга риоя қилмаганлик учун молиявий санкциялар белгиланди:

• ёқилғи, моддалар, материаллар ва чиқиндиларни ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш;

• саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва сотишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.08.2026 йилдан кучга кирди.