Адлия вазирлиги ягона QR-код бўйича идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган, ушбу фармон билан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар учун босқичма-босқич ягона QR-код орқали тўловларни қабул қилиш тизими жорий этилиши белгиланган.
Ҳужжатда QR-код орқали тўловларни амалга оширишнинг ягона тартиби ҳамда ягона QR-код тизими иштирокчиларининг вазифалари белгиланди.
Ягона QR-код – фойдаланувчиларга исталган банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси орқали тўловларни амалга ошириш имконини беради.
Мазкур қоидалар қуйидагиларни назарда тутади:
— QR-кодлар статик ва динамик турларга ажратилади;
— барча тўлов тизимларининг ягона QR-код тизими орқали ўзаро интеграцияси таъминланади;
— QR-код тизими оператори томонидан тўловлар ҳақидаги маълумот ва ҳисоб-китоблар автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади ва реал вақт режимида QR-код тизими иштирокчиларига етказилади;
— QR-код тизими доирасида мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати ва мурожаатларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни юклаб олиш имконияти яратилади.
Қоидаларга кўра, ҳар бир фойдаланувчига мобил иловалар орқали QR-кодни сканерлаш, тўлов суммасини тасдиқлаш ва ҳар бир операция бўйича онлайн маълумотнома олиш ва транзакциялар тарихи билан танишиш имконияти тақдим этилади.
