ҚАЙТИШ НУҚТАСИ

Туркияга келганига 5 йилдан ошган Дилобар (исми ўзгартирилган) шу кунларда касал бўлиб ётиб қолган. Айтишича, истанбуллик янги оиласидаги Хоним (уй соҳибаси) тозалик “жинниси” экан ва 3 қаватли уйидаги 10 та хонани электр чангютгич билан эмас, қўлда артиб-тозалашга мажбур қилар экан. Дилобар ҳар куни 3-4 соат пол артганидан сўнг овқат пишириш, кир ювиш, дазмол ишлари билан ҳам машғул бўлиши керак. Тўладан келган, аммо ғайратли 38 ёшлардаги бу аёл “шу пайтгача бундай золим Хоними бўлмагани”ни айтди.

— Ётиб қолганимдан сўнггина кетишимга рухсат берди. Ижара уйимга зўрға етиб келдим.. Пулига қизиқиб боргандим уникига.

Телеграм ижтимоий тармоғида Туркиядаги ўзбеклар учун бир нечта канал бор. Улардан бирини ҳамиша кузатиб бораман. 19 мингга яқин аъзоси бор, ҳар куни камида 7-8 та эълон қўйилади: асосан, иш ва ижара уйлар ҳақида, ҳар бир эълонда 10-15тадан вариантлар бўлади. Бу тизим шундай мукаммал йўлга қўйилганки, масалан, авваллари иш топиб берувчи ширкат иш изловчидан унга муносиб жой топиб бергани учун пул олган бўлса, эндиликда бу ширкат ишчи топиб бергани учун нақ патроннинг ўзидан мўмайгина пул олади. Эълон матнлари усталик билан тузилганки, уни ўқиган кишининг беихтиёр ёлланиб ишлагиси келиб қолади. “Иш қийин эмас, жуда осон”, “Патронлар зўр”, “ойлик 500, 600, 700 ва ҳатто эр-хотин учун 1000 доллар”, “яшаш ва овқатланиш патрон (ширкат) ҳисобидан” каби…

Бундай эълонларни минглаб ўзбекистонликлар ўқийди. Ўз юртида бирор иш тополмаётган, нима қилишга боши қотаётган, ўқишга имкони бўлмаган ёки оиласи бузилиб, фарзандлари билан уй-жойсиз қолган қанчадан-қанча қиз-аёллар учун бундай эълонлар нажот каби, “мана у!” бўлиб кўринади. “Бўларкану, далада қорайиб 3-4 сўмга ишлагандан кўра минг марта яхши-ку! Ҳам чет элни кўраман, иши ҳам осон деяпти”, — дея тушуна бошлайди Ўзбекистондагилар. Аммо бу “узоқдаги буғдой”нинг аслида қанчалар машаққатли меҳнатдан иборат экани, кўпинча шундай эълонлар ортидан хотин-қизларимизнинг алданиб қолаётганлари бугун кўпчиликка маълум.

Мен Дилобардан бировнинг уйида хизмат қилиш қандай бўлиши ҳақида сўрадим.

— Келишувдан сўнг хонадонга борасиз ва эшиклар ёпилади сиз учун. Бундан сўнг бир хонадоннинг истакларини бажарувчи хизматкорга айланасиз. Эътироз қилолмайсиз. Улар хоҳлаган ишни бажарасиз. Баъзан кечалари ҳам чақириб қолишади, “чой ёки бирор ичимлик олиб кел” деб. Шунинг учун аввал бошдан шартнома имзолаётганда ёки оғзаки шартларнинг ҳар бир пунктини аввалдан келишиб олиш керак. Туркча билмасангиз ёки унчалик тушунмасангиз, бу суҳбатга туркчаси яхши бўлган танишингизни ҳам келтиринг. Айни шу нуқтада, яъни келишувга қадар сиз ва сизни хизматкорликка олаётган оила бошлиғи билан икки маданий инсон каби гаплашасиз ва келишув битгандан сўнг бирингиз Хоним (Бей)га, иккинчингиз унинг хизматкорига айланасиз.

Ўзбекистондан Туркияга ишлагани келаётган хотин-қизларимизнинг ўзларига яраша сабаблари, келиш билан боғлиқ аччиқ ҳикоялари бор. Аммо уларни бирлаштирадиган ягона сабаб ЧОРАСИЗЛИКДИР. Улар юртни ташлаб, бегона давлатда ишлашга қарор берган дақиқаларидан бошлаб, ватанда, оиласида ўзларини бахтсиз қилганларни, ғурбатда ёққанларни, камситганларни, кўчага улоқтирганларни ва одам ўрнида кўрмаганларни унутмоққа ҳаракат қилади. “Мен ҳали ким эканлигимни уларга кўрсатаман!” дейди аёл.. “Ишлайман, пул тўплаб, уй оламан!”

Бу нуқтадан сўнг аёл ҳеч қачон ортга қайтмайди. Айнан шу нуқта аёлга ўз қийматини, ғурурини, меҳнати қадрини унуттиради. Бизнинг фожиамиз айнан шу нуқтадан бошланади…

Дилобарнинг бу ерда турк эри бор. Яъни, эркакнинг оиласи бўлгани учун улар шаръий никоҳдалар. Дам олиш кунлари улар ижара уйда учрашишади.

— Бир ҳафталик оғир меҳнатдан сўнг, аёл кимгадир кераклигини ҳис қилгиси келади. Биз ҳам одаммиз, ахир. Уйга, болаларга ишлаган бор пулни жўнатяпмиз, эрим ҳам ёрдам беради – пулимга бироз бўлса-да, қўшимча қилади. Бу ерда яшаш учун, эҳтиёжлар учун ҳам пул керак-ку? Уйдагилар бирор марта “тўхта-чи, бизга пул юборяпсан, лекин ўзингга қолдими? Тирикчилигингга етарли пулинг борми? Ўзинг нима қиляпсан, қийналмаяпсанми?” деб ҳеч қачон сўрашмайди. Бой-бадавлат оилада яшаяпти, ҳамма нарсаси етарли, деб ўйлашади. Аммо бир оилада ХИЗМАТКОР бўлиш қанчалар қийин эканлиги, баъзан ғурурингни оёқости қилишинг кераклиги ва ҳафтада бир бўлса-да, бу “стресс”ни отишга эҳтиёж туғилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди..

Яна ўша мухожирларнинг телеграм каналига қайтсак. У ерда, айтганимдек, иш эълонларидан ташқари ижара уй хабарлари ҳам бор. Деярли ҳаммаси шерикли ижара-уйлар. Бир хонадонга 3-4 ва ҳатто 7-8 киши ҳам олишади. Бундай гавжум ижараларда инсонлар баъзан шахсан ўзига тегишли 1 метрлик жойга ҳам эга бўлавермайди. Чунки ижара уйлар қиммат Туркияда. Боз устига, меҳнат муҳожирларини ҳар ким ҳам уйига қўявермайди. Улар, асосан, бодрум (ертўла) қаватда жойлашган хонадонларда яшашади. Яъни, энг арзон ижара-уйлар.

Мен Дилобардан “қандай аёллар Туркиядаги ишларда ишлолмайди?” деб сўрадим. Зеро, бу энг муҳим савол эди.

— Ғурур ёпган (“ғурурини ҳар нарсадан устун қўйган” демоқчи (муаллиф), дангаса, ўзини осмонда деб билган аёллар. Ҳа, яна тиллани севмаган аёлларнинг ҳам бу ерларда қиладиган иши йўқ.

Дилобар – яхши аёл. Одамохун, қувноқ, меҳрибон. Аммо ҳар нарсани пул билан ўлчайди. Балки бу айни жамият учун ўринлидир ва балки мен замондан ортда қолиб кетгандирман. Зеро, буни Дилобар ҳам таъкидлади. “Опа, сиз замондан чўўўўўқ ортда қолиб кетибсиз” деб. Ўзбекистондан бу ерга яхши ният, пул топиб оиласини боқиш, ҳам иш, ҳам саёхат учун келаётганлар кўп. Шунингдек, Дилобар айтганидек, “тиллолар, пулдор эркаклар” учун келаётганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас.

Менимча, мамлакати қадрламаган, эри, оиласи томонидан камситилган, хақорат қилинган аёлларимизни яшаб турган давлати ўз ҳимоясига ололмаётгани, қонунан уларга ЭГА ЧИҚА ОЛМАЁТГАНИ, гулдек аёлларимизни баъзи бир золим эрларнинг ўткир панжалари ихтиёрига ташлаб қўйгани – Туркияда хизматкор ўзбеклар кўпайиб бораётганининг асосий сабабидир!

 Сабоҳат РАҲМОН, журналист.