Жорий йилнинг 27-август куни Фарғона вилояти статистика бошқармаси биносида вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистлар иштирокида «Фарғона вилоятининг 2024-йил январь-июнь ойлари ҳолатига демографик кўрсаткичлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида Фарғона вилояти статистика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ш. Зокиров ҳамда “Демография, меҳнат ва гендер статистикаси” бўлими бошлиғи Ҳ.Муталиповлар иштирок этди.
Анжуманда таъкидландики, жорий йилнинг 6 ойида Фарғона вилоятида аҳоли сони 4 млн 098,7 минг кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 37,2 минг кишига ўсган бўлиб, шуларнинг 2 млн 330,7 мингини шаҳар аҳолиси, 1 млн 768,0 мингини эса қишлоқ аҳолиси ташкил этган. Вилоят аҳолисининг 56,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилардан иборат бўлса, салкам учдан бир қисми ушбу ёшдан кичик, 12,2 фоизи эса меҳнатга лаёқат ёшидан катталар ҳиссасига тўғри келади. Ҳудудда ҳар бир квадрат километрга тўғри келадиган аҳоли сони ўртача 606,4 киши бўлиб, аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд Марғилон шаҳри (4 913,5) бўлса, Ёзёвонда эса аҳоли зичлиги бир квадрат километрга 296,8 кишига тўғри келади.
Бундан ташқари, 2024-йилнинг январь-июнь ойларида 47,0 мингта бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коеффиценти 23,2 промиллени ташкил этганлиги, ҳисобот даврида 8,5 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, ҳар 1000 аҳолига ўлим коеффиценти 4,2 промиллени ташкил этганлиги ҳамда 2023-йилнинг январ-июн ойларига нисбатан ўзгариш кузатилмаганлиги, қайд этилган ўлим ҳолатларининг 62,2 % и – қон айланиш тизими касалликларидан, 9,2 %и – ўсимталардан, 5,4 % и – нафас олиш аъзолари касалликларидан, 6,2 %и – бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,0 % и – овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 0,8 % и – юқумли ва паразитар касалликлардан, 12,2 %и бошқа касалликлардан вафот этганлиги, 2024-йилнинг январь-июнь ойларида вилоят бўйича доимий яшаш мақсадида кўчиб келганлар сони 5 181 кишини ташкил этганлиги ва доимий яшаш мақсадида кўчиб кетганлар сони 6 497 кишини ташкил этиб, миграция салдоси минус 1 316 кишини ташкил этганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.