UNICEF ва Вакцина альянси Гави Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига 3,2 миллион доллардан ортиқ қийматга эга беғараз ёрдам кўрсатилишини эълон қилди. Бу ҳақда UNICEF матбуот хизмати хабар берди.
Гави ёрдами Ўзбекистон бўйлаб тақдим этилган ускуналар ва чиқиндиларни бошқариш ресурсларини ўз ичига олади. “Хайрия қилинган 3000 та планшет ва 221 та ҳароратни масофадан назорат қилиш тизимидан иборат АТ жиҳозлари Ўзбекистонда иммунизация дастурини модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этади”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, дастурни рақамлаштириш орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигига вакциналар билан қамраб олишни самарали кузатиш, вакциналарни етказиб бериш занжирларини кузатиш ва умумий иммунизация бошқарувини яхшилаш имконини беради.
АТ жиҳозлари билан бир қаторда, UNICEF ва Гави Андижон, Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларидаги 28 та соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказини чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари ва йиллик харажат материаллари билан таъминлаган. Бундан мақсад мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдир.
Мазкур ёрдам иммунизация учун барқарор ва адолатли тизимларни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимининг мустаҳкам ишчи кучини шакллантириш ва эмлаш бўйича аҳолининг ишончини мустаҳкамлаш бўйича UNICEF ва Гавиънинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасидир.
“Таъкидлаш жоизки, 8000 дан ортиқ эмлаш бўйича ходимлар ўз вақтида эмлаш қайд этилган ҳужжатлар билан танишиш ва иммунизация билан қамраб олиниши керак бўлган аҳолини аниқлаш имкониятига эга бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, мазкур соҳада ишлайдиган барча ҳамкорларни чиқиндиларни бошқариш бўйича рақамли ва иқлим ўзгаришларига чидамли технологияларни жорий этгани ва татбиқ қилгани билан табриклайман”, — дейди Гави компаниясининг Ўзбекистондаги портфели бўйича катта менежери Ян Кастилёс Франка.
Эмлашнинг универсал қамровига эришиш ва ҳар бир боланинг соғлом ва тўлақонли ҳаёт кечириш имкониятига эга бўлишини таъминлаш йўлида UNICEF ва Гави Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини қўллаб-қувватлашга содиқ бўлиб қолишини таъкидлаган. Ушбу АТ жиҳозлари ва чиқиндиларни бошқариш қурилмаларини тақдим этиш уларнинг соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва бутун дунё бўйлаб болалар учун муҳим вакциналардан фойдаланиш имкониятини яхшилаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.