Фуқаро олти миллион сўм зарар кўришининг олди олинди

Бағдод тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қашқадарё вилоятининг Касби туманилик У.Х.нинг парранда тухумларини очириш учун инкубатор харид қилганлиги ва уни нуқсонли чиққанлиги ҳолати юзасидан Бош прокуратура ишонч телефонига қилган мурожаати масаланинг ҳудудий тегишлилиги бўйича ўрганилди.

Фуқарога кўра, Бағдод туманидаги «Smart box» хусусий корхонасидан 2023 йилнинг 17 апрел кунида 6 000 000 сўмга харид қилинган инкубатор қурилмасига 6 ойлик кафолат муддати белгиланган бўлиб, қурилма харид қилингандан сўнг 2-3 ой ишлатилиши жараёнида унда нуқсонлар кузатилган. Истеъмолчининг корхона масъулига телефон орқали боғланиб нуқсонларни бартараф этиб берилиши, акс ҳолда пулини қайтарилиши бўйича қўйган талаблари эса қаноатлантирилмасдан қолиб келган.

Мурожаат ўрганилиши жараёнида корхона масъулларига юзага келган ҳолатда амалдаги қонунчилик талаблари, истеъмолчининг ҳуқуқлари ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи)нинг мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди. Ўрганиш якунлари билан эса нуқсонли қурилма корхонага қайтиб олиниб, фуқарога 6 000 000 сўм пули қайтарилишига эришилди.

Дилором Мирзаева, туман жамияти бош мутахассиси.