БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси биринчи марта ташкилотнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига биноан аъзо давлатларнинг мажбуриятларини ҳар томонлама ифода этиш орқали болаларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳитга бўлган ҳуқуқини бевосита тасдиқлади, деб хабар берди ташкилот матбуот хизмати.
1989 йилда яратилган ва 196 давлат томонидан ратификация қилинган ушбу конвенцияда болаларнинг яшаш, ривожланиш, соғлиқ ҳуқуқи каби универсал ҳуқуқлари ифодаланган.
Умумий тартиб бўйича шарҳлар қонуннинг муайян соҳаларида ушбу ҳуқуқлар нимани назарда тутиши ҳақида ҳуқуқий йўл-йўриқ беради.
28 августда эълон қилинган ««Иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда болалар ҳуқуқлари ва атроф-муҳит тўғрисидаги 26-сонли умумий тартиб шарҳлари» фавқулодда иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишига бағишланади ҳамда болалар ҳаёти ва истиқболларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилайди.
Умумий тартибнинг 26-сонли шарҳида айтилишича, давлатлар нафақат болаларнинг ҳуқуқларини тўғридан-тўғри зарарлардан ҳимоя қилиш учун, балки бугунги кунда давлатлар томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар ёки уларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида келажакда уларнинг ҳуқуқлари бузилишига ҳам жавобгардир.
Бундан ташқари, 26-шарҳда давлатлар нафақат ўз чегаралари доирасидаги атроф-муҳитга етказилган зарар учун, балки ўз чегараларидан ташқарида атроф-муҳитга етказилган зарар ва иқлим ўзгаришининг зарарли оқибатлари учун ҳам жавобгар бўлиши мумкинлигини таъкидланган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган 196 та давлат зудлик билан чоралар кўриш, шу жумладан, кўмир, нефть ва табиий газдан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечишни ташкил этиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш, ҳаво сифатини яхшилаш ва тоза сувдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, саноат қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликда соғлом ва барқарор ишлаб чиқариш учун ўзгаришларни амалга ошириш, шунингдек, озиқ-овқат ва биологик хилма-хилликни ҳимоя қилишни таъминлашга чақирилган.
Қўлланмада экологик қарорлар қабул қилишда болаларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш зарурлиги, бу борада экологик таълимнинг аҳамияти таъкидланган.
«Болалар иқлим инқирози учун энг кам жавобгардир, лекин улар бунинг оқибатларидан энг кўп жабр кўради: ҳар йили беш ёшгача бўлган 1,7 миллион бола атроф-муҳитнинг олдини олиш мумкин бўлган зараридан вафот этади. Шунга қарамай, атроф-муҳит сиёсати масалалари бўйича деярли барча қарорлар болалар ва ёшлар иштирокисиз қабул қилинади. 26-шарҳ билан буни ўзгартиришга ҳаракат қилдик: 121 та мамлакатдаги болаларнинг 16 000 дан ортиқ аризалари билан бу БМТ даражасидаги болалар иштирокидаги энг инклюзив жараёнлардан бири бўлди», — деди Германиядаги Terre des Hommes компанияси бош ижрочи директори Жошуа Хоферт.
Ушбу ташкилот БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси билан биргаликда №26 шарҳни тайёрлаш жараёнини мувофиқлаштирган. Ҳужжатни ишлаб чиқишда 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган 12 нафар болалар маслаҳатчисидан иборат гуруҳ қўмитани қўллаб-қувватлади. БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ҳам маслаҳатлашув жараёни орқали бутун дунё бўйлаб болаларнинг фикрларини тўплашга ёрдам берди.
26-шарҳ Париж келишуви бўйича давлатларнинг иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича чора кўришда болалар ҳуқуқлари юзасидан мажбуриятларини ҳурмат қилиш, илгари суриш ва ҳисобга олиш мажбуриятини тушунишга ёрдам беради. Шунингдек, у бола ҳуқуқларига таъсирни ҳисобга олиш атроф-муҳитга оид барча қонун ҳужжатлари, стратегия ва лойиҳалар, қоидалар, бюджет ёки бошқа қарорларга нисбатан амалга оширилиши кераклигини аниқ кўрсатиб беради.
Давлатлардан БМТ қўмитасига болаларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқлари ҳақида вақти-вақти билан ҳисобот беришлари талаб қилинади.
«Иқлим соҳаси бўйича молиялаштириш ва сиёсат қарорларда болаларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олмаслик давом этмоқда», — деди ЮНИСEФнинг болалар ҳуқуқлари ва иқлим бўйича махсус маслаҳатчиси Палома Эскудеро. «Бу вазиятни ўзгартириш керак. Умумий фикр-мулоҳазалар иқлим ўзгаришидан таъсирланган болалик билан боғлиқ ҳар бир соҳада, масалан, боланинг таълим олиш ҳуқуқи, хавфсиз сув ва соғлом атроф-муҳитни таъминлаш каби чора-тадбирларга устувор аҳамият бериш учун мамлакатларга кучли чақириқдир».
«Ҳар бир ҳукумат сайёрамизнинг ҳар бир бурчагидаги ҳар бир боланинг ҳуқуқларини, айниқса, бу муаммога энг кам ҳисса қўшаётган, лекин энг хавфли сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бўронлардан азият чекаётган мамлакатларда яшовчи ўғил-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъулдир «, — деди у.