Ўзбекистонда хусусий ва давлат боғчалари сони маълум қилинди

Мактабгача таълим агентлиги Ўзбекистонда фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) сонини маълум қилди.

2023 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, республикада жами 30 792 та боғча фаолият кўрсатяпти. Шундан давлатга қарашли МТТлари сони 6 734 та, нодавлат боғчалар 24 058 тани ташкил этади.

Таққослаш учун, 2017 йилда мамлакатда 5 211 та боғча бўлган. 2018 йилда бу рақам 7104 тага, 2019 йилда 13 530 тага, 2020 йилда 18 254 тага етган. 2021 йилга келиб боғчалар сони кескин кўпайган ва 27 609 тани ташкил этган. 2022 йилда эса бу кўрсаткич 29 420 тагача ортган.

Маълум қилинишича, агентликка 2023 йилнинг 1- ярим йиллигида тадбиркорлар томонидан боғчалар очиш масаласида 5 486 та аризалар келиб тушган. Шундан 2 089 та лойиҳа маъқулланган, 1 846 та лойиҳалар билан битим имзоланган. Натижада 59 072 та янги қувват, 4 615 та янги ишчи ўрин яратилди.

“Ярим йил мобайнида қуввати 41 920 нафар болани қамраб олган 1 310 та оилавий МТТлар ўз фаолиятини бошлади”, — дейилади манба маълумотида.

Шунингдек, бу 6 ой ичида республикадаги 740 минг нафарга яқин тарбияланувчиларни қамраб олган 21 мингдан ортиқ нодавлат (жумладан, оилавий МТТ) мактабгача таълим ташкилотларига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1,2 триллион сўм миқдорда субсидиялар ажратилган.