«Ўзбекинвест» экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ Фарғона филиалида «Бозор иқтисодиётида суғуртанинг тутган ўрни ва аҳамияти» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Меҳмонлар анжуман аввалида филиалнинг бўлимлари иш фаолияти билан яқиндан таништирилди. Улар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, суғурталаш фаолиятини амалга ошириш ва унинг ҳисобини юритиш, кадрлар билан ишлаш бўлимларида бўлишиб, масъул ходимлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Шундан сўнг суғурта компаниясининг Фарғона филиали директори Мамасаидов Аъзамбек Эгамбердиевич иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Филиал директори суғурта компаниясининг ташкил этилиши тарихи, ҳудудий ташкилотлари, асосий фаолият йўналишлари, мамлакат суғурта бозоридаги фаолияти, шунингдек компаниянинг вилоятдаги ташкилотларининг ушбу жараёнлардаги иштироки ва ўрни юзасидан атрофлича маълумотлар бериб ўтди.
Таъкидландики, компаниянинг Устав жамғармаси 282,2 млрд сўмни ташкил қилиб, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (83,33%) ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки (16,67%) компаниянинг таъсисчилари ҳисобланади.
Компаниянинг Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида 14 та филиаллари, шунингдек республикамиздаги туман ва шаҳарларда ҳудудий бўлимлари мавжуд. Бугунги кунда Фарғона вилоятида шундай бўлимлардан 21 таси фаолият кўрсатиб келмоқда.
Компаниянинг www.uzbekinvest.uz расмий веб сайти, шунингдек аҳоли ва мижозлар билан қайта алоқани йўлга қўйиш, уларнинг мурожаат (ариза, шикоят ва таклиф)лари билан ишлашни ташкил қилиш мақсадида 1160 қисқа рақамли ҳамда (71) 207 6000 ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган.
Агар рақамларга мурожаат қилинса, 2023 йилнинг биринчи ярмида компания томонидан 2107 та даво аризалари бўйича 45,5 миллиард сўм миқдорида суғурта товонлари тўланган. Энг кўп сотилган суғурта полиси Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишдир.