Тўқликка шўхликми ёки нима учун Фарғонада безорилик ҳолатлари кўпаймоқда

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланувчи безорилик тушунчасига таъриф берилган. Унга мувофиқ, майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа ҳатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик каби ҳаракатларда ифодаланади.

Эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Фарона вилоятида 2022 йил давомида 56 минг 206 нафар шахсга нисбатан 45 минг 765 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилган. Таъкидлаш керакки, майда безорилик билан боғлиқ ишлар 3 минг 820 тага, ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармаслик 1 минг 974 тага кўпайган.

Юқорида айтиб ўтилганидек, майда безорилик холатлари фақатгина жамоат тартибини қасддан менсимаслик билан боғлиқ бўлади. Яъни, уни содир этган шахс ўзини ўраб турган инсонлар ва жамиятга нисбатан хурматсизлик билан муносабатда бўлади, жамиятда ўрнатилган, умумэътироф этилган қоидаларни қасддан бузади.

Мазкур ҳуқуқбузарликнинг хавфли жиҳати шундаки, уни содир этган шахс ахлоқида ўзини ўраб турган жамият ва унда белгилаб қўйилган қоидаларга нисбатан ҳурматсизларча муносабатда бўлиш, кўпчилик олдида номақбул ҳаракатлардан ўзини тута олмаслик каби салбий одатлар шаклланади.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддасида безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса жиноий жавобгарлик чоралари назарда тутилган.

Бахтиёр ЮЛДАШЕВ, Фарғона вилоят маъмурий суди судьяси.